Ўзбекистон | 20:26 / 18.10.2020
39515
8 дақиқада ўқилади

Мамлакат намозхонлари учун масжидлар етарлими?

«Масжид – Аллоҳ таолонинг уйи», «Масжидда жамоа бўлиб ўқилган намоз уйда ўқилган намоздан 27 марта савоби кўпроқ», «Масжид дуолар қабул бўладиган жой» – бу каби буюк ҳақиқатларни ўзида жамлаган жумлалар устида тафаккур қилиб кўришнинг ўзи улкан хулосаларга етаклайди.

Масжид – моддий дунёни маънавий дунё билан боғловчи кўприк, дуолар ижобатини яқинлаштирувчи, биз ожиз бандалар учун қудратли Яратганнинг ёрдамини жалб қилиш имконини яратувчи имтиёзли маскан. Имтиёзли – чунки айнан шу масканга кириб, ибодат қилиб, дуо қилсангиз, сўраганингиз эзгуликлар сизга, юртингизга, халқингизга етиши эҳтимоли юқорилайди.

Диний таълимотлар инсонлар бошига келадиган бало-офатларни инсонлар жамиятининг маънавий олам қонуниятларидан узоқлашиши билан боғлайди. Офатларни аритиш учун эса ўша қонуниятларга қайтишга даъват қилинади. Зеро, бунда инсонларнинг нотўғри тасарруфидан ҳатто осмонлар азият чекишини айтади.

Хусусан, Ислом таълимотида масжидларда жамланиб, ибодат қилиб, аввал содир этилган нотўғри амаллар учун тавба-тазарру қилиш ўша – узоқлашиб кетилган маънавий устунларга қайтиш ва шу йўсинда офатларни аритиш йўли деб тушунтирилади.

Ҳозирда бу биз учун... ниҳоятда долзарб.

2018 йил 31 майда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 409-сон қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга мувофиқ, «Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисида» низом ишлаб чиқилиб, 2018 йил 27 сентябр куни Адлия вазирлигида 3071-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Мазкур ҳужжатлар бугунги кунда амалда «ишламаётган» баъзи қарор ва ҳужжатлар қаторида туради, десак, тўғри бўлади. Зеро, ўз вақтида ёпилиб, ибодат қилинмай бўш туриб қолган масжидларни қайтадан очиш мақсадида юқоридаги низомда кўрсатилган талаблар асосида барча тегишли ҳужжатларни тақдим этиб, ойлаб, йиллаб сарсон-у саргардон бўлган, натижада арзимас «камчиликлар» сабаб масала ижобий якун топмаган ҳолатлар кўп.

Масалан, Ўзбекистон мусулмонлар идораси маълумотига кўра, идорага 2018 йилда 86та масжидни очиш юзасидан мурожаатлар келиб тушган, бироқ шулардан 13тасигина очилган. 2019 йилда эса ЎМИга 140дан ортиқ шундай мурожаат келиб тушган, аммо амалда 9 дона масжид очилишига рухсат берилган, холос...

Вазиятга «тепароқдан» қарашга уриниб, статистикага мурожат этамиз, таҳлил ва таққослаш учун:

  • турли маълумотларга кўра Россия Федерациясида ҳозирда 24 миллиондан 37 миллионгача мусулмонлар яшайди, масжидлар сони эса 8 мингга яқин;
  • АҚШда мусулмонлар сони 3,5 млн бўлиб, масжидлар сони 2100дан ошади;
  • 2011 йилги маълумотга кўра, Буюк Британияда ўша пайтда мусулмонлар сони 2,9 млн бўлган, масжидлар сони эса 1500ни ташкил қилган;
  • қўшни Қозоғистонда масжидлар сони 3700тани ташкил қилади – 13 миллионга яқин мусулмонлар яшайди;
  • Қирғизистонда масжидлар сони 2600га яқин бўлиб, мусулмонлар сони 5,6 миллионни ташкил қилади.

2020 йил 31 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2072 масжид фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда мусулмонлар сони қарийб 32 миллион кишини ташкил қилади. Фаолият юритиб турган масжидлар эса ҳудудлар кесимида қуйидагича кўриниш олади:

Кўриниб турибдики, бу борада кўрсаткичларимиз бошқалардан анча фарқ қилади, манфий тарафга, албатта.

Биз Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан боғланиб, мазкур ҳолат сабабини сўрадик. ЎМИ масъули тартиб бўйича идоранинг ваколати фақатгина масжид очиш учун тақдим этилган ҳужжатларни олиб, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик хатини олиш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага чиқариш бўлиб, бошқа жараёнларда иштирок этмаслигини, масжид очиш учун келиб тушган аризаларнинг ижобий ҳал қилиниши Дин ишлари бўйича қўмитага боғлиқлигини айтди.

Фақатгина Диний қўмитанинг розилик хати олингандан сўнг, Адлия бошқармаси ўзининг ваколат доирасида масжидни диний ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказиб беради. Аммо айтилган ҳолатлар, яъни 2018 йилда 86 дона мурожаатдан 13 таси, 2019 йилда эса 140 мурожаатдан атиги 9 таси ижобий ҳал қилингани сабаби – масжид очиш учун тақдим этилган ҳужжатлар Диний қўмита томонидан хато-камчиликларни тузатиш учун бир эмас, балки бир неча марта қайтарилиб юборилишининг натижасидир. Ҳолбуки, мантиқан олганда, хато-камчиликлар биринчи ўрганишдаёқ аниқланиши ва аризачи ташаббускорларга билдирилиши керак, дейди ЎМИ масъули.

Масжидлар сони аҳоли кесими ва талабига мос бўлишининг нимаси яхши ва бунинг акси – етишмаслигининг нимаси ёмон?

Аслида бундай савол янграшининг ўзи беодоблик – фойдалар муқаддас манбаларда нозил бўлган, биз кўп тилга оладиганимиз – буюк бобокалонларимиз масжидда қилинадиган ибодатларнинг фойдаси, масжидларнинг кўплиги ҳақида баҳс ҳам қилишмаган.

Аввало, юқорида айтганимиз: масжид – моддий дунёни маънавий дунё билан боғловчи кўприк, дуолар ижобатини яқинлаштирувчи маскан. Инсоният эса айни кез жамоа бўлиб қилинадиган дуоларга ҳар доимгидан-да кўпроқ муҳтож.

Иккинчидан, масжидларнинг етишмаслиги дегани – диний аркон-у аҳкомларни асосли манбалардан ўрганиш имконияти етишмаслиги дегани, турфа заиф манба-ю таъсирларга тушиб қолиш имконияти ошиши дегани. Бу эса, ўз навбатида, муаммоларнинг янада ортишига сабаб бўлиши мумкинлигини англатади.

Пандемия ўзининг кетма-кет зарбалари билан инсониятни тобора тиз чўктиряпти. Ва бу фантастик хаёл эмас – воқелик. Бундай пайтда ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ўзи билган, ўзи ишонган, ўзи эътиқод қилган манбаларга мурожат этяпти. Биз мусулмонлар билган нажот манбаларидан бири эса – ибодат, масжидда кўпчилик бўлиб қилинадиган дуо.

Шу ўринда, охирги йилларда диний соҳага муносабат ижобий томонга ўзгарганини эътироф этиш жоиз. Бунинг тасдиғи сифатида, апрель ойида Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссияси Ўзбекистонни диний эркинлик борасидаги вазият алоҳида хавотирга молик мамлакатлар рўйхатидан чиқарган эди.

Давлатимиз раҳбари шу йил 22 июнь куни имзолаган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонда Ўзбекистонда виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш соҳасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясини амалга оширишга, диний таълим ва маърифат тизимини ривожлантиришга, диний ходимлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.

Қолаверса, Президентнинг 2018 йилда қабул қилинган «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш лозимлиги ҳақида сўз юритилган эди.

2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош ассамблеяси сессиясида Ўзбекистон ўз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. БМТ махсус вакили Наталья Германнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлишига эришиш осон бўлмаган, бундан кейин эса масъулият янада ошади.

Инсон ҳуқуқлари қаторида дин ва ибодат эркинлиги ҳам давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган ҳамда ҳукуматнинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари халқаро миқёсда эътироф этилаётган бир вақтда, эшикларига қулф солинган масжидларнинг имкон қадар кўпроқ қисмида намоз ўқилиб, дуолар қилинса, мамлакат ва халқ фаровонлиги учун фойда бўлса бўладики, зарар бўлмайди, деб ўйлаймиз.

Шокир Шарипов

Мавзуга оид