Жаҳон | 23:11 / 19.10.2020
8085
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Туркияни НАТОдан истисно қилишга чақиришди

АҚШ конгресси вакиллар палатасига Туркияни НАТОдан истисно қилишга чақирувчи резолюция кўриб чиқиш учун киритилди. Америка арманлари миллий қўмитасида таъкидланишича, ушбу ташаббус муаллифи вакиллар палатаси аъзоси Тулси Габбард ҳисобланади.

Фото: Francois Lenoir / Reuters

“Шимолий Атлантика альянси Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатишга чақираётган бир вақтда Туркия НАТОга қарши борди. Бу Туркиянинг ихтилофда Озарбойжонни қўллаб-қувватлашида ва унга ёрдам беришида ўз аксини топган”, деб айтилган резолюция матнида. Ҳужжатда таъкидланишича, Анқара Тоғли Қорабоғ атрофидаги ихтилофни кескинлаштирган ва жанговар ҳаракатлар ҳудудига аксарияти “ИШИД” ва “Ал-Қоида” билан боғланган ёлланма жангчиларни юбормоқда

Аввалроқ Арманистон президенти Армен Саркисян Европа иттифоқи ва НАТОдан “Кавказда беқарорлик уруғини сочаётган” Туркияга босим ўтказишни сўраган. Саркисяннинг таъкидлашича, Анқаранинг Тоғли Қорабоғ ихтилофига аралашуви минтақадаги вазиятни ўзгартириб, Озарбойжонни Туркиянинг геосиёсий таъсирини кучайтиришидаги плацдармига айлантиради.

27 сентябрда Тоғли Қорабоғдаги баҳсли ҳудудлар учун Озарбойжон ва Арманистон ўртасида фаол жанговар ҳаракатлар бошланиб кетганди. Ереван ва Боку гуманитар нуқтаи назардан 18 октябрь соат 00:00дан ўт очишни тўхтатишга келишиб олганди. Бироқ кейинроқ икки томон бир-бирини ўққа тутишда ва ярашувга амал қилмасликда айблаган.

Мавзуга оид