Жамият | 16:35 / 19.10.2020
3976
4 дақиқада ўқилади

Сариосиё туман юқумли касалликлар шифохонасига замонавий ПЗР ускунаси тақдим этилди

Бугунги кунда барча давлатларда ҳукм сураётган пандемия сабабли, коронавирус касаллигини аниқлаш учун зарур бўлган ПЗР аппаратларига бўлган талаб ҳамон юқорилигича қолмоқда. Айни вақтда юртимизда “COVID-19” касаллигини эрта аниқлаш мақсадида барча тиббиёт муассаларида ПЗР аппаратлари мавжуд бўлиб, касалликларни ўз вақтида аниқлаш имконини бермоқда.

Аммо, бу каби замонавий аппаратлар барча тиббиёт муассалаларида ҳам етарли даражада мавжуд эмас. Шу боис, чекка қишлоқлардаги аҳоли касалликни аниқлаш мақсадида вилоят марказларига бориб, тест топшираяпти. Бу эса, аҳолига қатор ноқулайликлар туғдирмоқда.

Мана шундай ҳолатларни олдини олиш, аҳолига қулай шароитларни яратиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, коронавирус касаллигини эрта аниқлаш мақсадида сенатор Абдуғани Сангинов ташаббуси билан Сариосиё туман юқумли касалликлар шифохонасига замонавий ПЗР аппарати олиб берилди.

Мазкур ПЗР аппарати бир вақтнинг ўзида 400 га яқин таҳлилларни ўтказиш имкониятига эга.

Биз тест топширишга навбатда турган маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашдик.

“Биз жуда ҳам мамнунмиз. Туман шифохонасига Сенатор Абдуғани Сангинов томонидан коронавирус инфекциясини аниқлаш учун зарур бўлган ПЗР аппарати олиб берилди. Туманимиз аҳолиси кўп. Касалликни аниқлаш учун узоқ йўл босиб, вилоят марказига бориб келаётган эдик. Сенатор томонидан олиб берилган аппарат ёрдамида бир кунда 300-400 нафар одамлар тест топширяпти. Бунинг натижасида, биринчидан, вилоят марказига ортиқча пул сарфлаб, бормайди. Иккинчидан, кўп вақт кетмайди. Барака топсин, яқинда мана шу шифохонани ҳам тўлиқ таъмирлаб берган эдилар. Шу ўринда, сенаторга маҳаллий аҳолимиз номидан катта раҳмат, дейман. Жуда хайрли ва савобли ишни амалга оширдилар. Аҳолимиз ҳам жуда мамнун”, – дейди фуқаро Хасан Хўжамқулов.

Шунингдек маълумот ўрнида сенатор томонидан Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами арафасида Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Лўпон маҳалласида “18-Лўпон”, Қорабоғтепа маҳалласида “21-Холчаён” қишлоқ оилавий поликлиникалари янгитдан қуриб фойдаланишга топширилган эди. Сариосиё туман юқумли касалликлар шифохонаси карантин эълон қилинган даврда ҳам беморларга қулай шароитлари яратиш ва ўз вақтида соғлигини тиклаш мақсадида шифохонанинг тегишли бўлимлари тўлиқ таъмирланиб, янгитдан қўшимча ошхона қуриб берилди. Даволаш-профилактикаси учун тиббиёт ходимларига ҳимоя воситалари, респиратор, тиббий қўлқоп, ҳимоя кўзойнаги билан, дезинфекцияловчи воситалар ҳам олиб берилди.

Шунингдек, сенатор Абдуғани Сангинов томонидан туман тиббиёт бирлашмасига беморларни даволаш учун муҳим ва зарур бўлган 6 дона оксигенатор аппарати ҳам олиб берилди.

Албатта, бу каби амалга оширилаётган эзгу ва хайрли ишлар замирида биргина асосий мақсад, яъни аҳолининг оғирини енгил қилиш, саломатлигини асраб-авайлаш ва уларга муносиб шароитлар яратиш ётади. Дарҳақиқат, бу саъй-ҳаракатлар, аввало, инсон саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилгани билан ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.

Реклама хуқуқи асосида

Мавзуга оид