Жаҳон | 22:46 / 20.10.2020
13276
3 дақиқада ўқилади

Хитой миллиардерлари пандемияга қарамай мисли кўрилмаган суръатда бойиб бормоқда

Коронавирус пандемиясига қарамай, Хитойда янги миллионерлар рекорд даражада кўпайиб бормоқда. «Дунё бир йил ичида бунчалик кўп бойлик яратилганини ҳеч қачон кўрмаган», дейди тадқиқот муаллифлари.

Жек Ма / Фото: REUTERS/Edgar Su

Hurun Report компанияси Хитойнинг 2020 йилги энг бой одамлари рейтингини эълон қилди, деб хабар бермоқда Reuters.

Унга кўра, Хитойда бойлик ишлаб чиқариш ва кўчмас мулк каби анъанавий секторлардан электрон тижорат ва финтех каби янги йўналишларга кўчиши суръати тезлашган.

Ҳонгконг ва Макаодаги бадавлат инсонларни қўшмай ҳисоблаганда ҳам, ХХРда миллиардерлар 2019 йилга қараганда 257 кишига кўпайиб, жами 878 нафарга етган.

Alibaba электрон тижорат платвормаси асосчиси ва эгаси Жек Ма 58,8 миллиард доллар билан 2020 йилда ҳам Хитойнинг биринчи рақамли бой одами бўлган. Иккинчи ўринни эса WeChat асосчиси, Tescent холдинг компанияси директори Пони Ма 57,4 миллиард доллар билан банд қилган.

Учинчи ўрин қадоқланган сув ишлаб чиқарувчи Nongfu spring компанияси раҳбари Чжун Шаньшанга насиб қилди. Унинг бойлиги 53,7 миллиард доллар.

Hurun тадқиқот компанияси раиси Руперт Хугуверфнинг маълум қилишича, хитойлик миллиардерлар қўлида жами 4 триллиондан кўпроқ қийматга эга активлар бор. Бу Германия ЯИМдан ҳам кўпроқ.

2020 йилнинг ўзида Хитойдаги энг йирик 500 нафар бизнесменнинг бойлигига 1,5 триллион доллар қўшилган. Ҳатто уларнинг охирги 5 йилликда орттирган жами бойлигини қўшиб чиққанда ҳам бундан камроқни ташкил этади. 1,4 триллион доллар – Британия ЯИМнинг тахминан ярми демакдир.

«Дунё бир йил ичида бунчалик кўп бойлик яратилганини ҳеч қачон кўрмаган. Хитойлик тадбиркорлар кутилганидан яхшироқ ишлади ва коронавирус пандемияси бўлишига қарамай, рекорд даражага эришди», – дейди Хугуверф.

Соғлиқни сақлаш тизими ҳам Хитой иқтисодининг истиқболли йўналиши сифатида ривожланмоқда. Вакцина билан шуғулланувчи Zhifei компанияси асосчиси Цзян Женьшэн бу йилги рейтингда бойлигини 19,9 миллиардга етказиб, 20-ўринни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Хитой коронавирус инқирози даврида иқтисоди ўсаётган ягона давлат бўлиб қолмоқда. Республика ялпи ички маҳсулоти учинчи чоракда ўтган йилнинг шу даврига қараганда 4,9 фоизга ўсган.

Мавзуга оид