Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дунёдаги вазият: Ирландия ва Чехияда локдаун, «давомли ковид»га сабаб бўлувчи омиллар маълум қилинди
Covid-19 билан касалланиш ҳолатлари сони дунё миқёсида 41 миллионга яқинлашмоқда, деб хабар бермоқда Жонс Ҳопкинс университети. Касалликдан 1,1 миллиондан ортиқ инсон вафот этган.
Энг кўп азият чеккан давлатлардан бири Бразилия 2021 йил январь ойида вакцинацияни бошлашга тараддудланмоқда ва бу учун Хитой томонидан ишлаб чиқарилган вакцинани сотиб олди, Ирландия Европа давлатлари орасида биринчи бўлиб иккинчи умуммиллий локдаун жорий этишга қарор қилди; Чехияда касалланиш ҳолатлари бўйича рекорд қайд этилди, бош вазир ўринбосари ҳам хасталанган.
Олимлар «давомли ковид» кимларга хавф солишини аниқлашди: касалликнинг узоқ давом этишини, биринчи навбатда, кекса ёшда бўлиш ва соғликдаги мавжуд муаммолар кучайтиради. Бошқа омиллар қаторида аёл жинсига мансублик, ортиқча вазн ва астма мавжуд.
Ирландия карантинга ёпилмоқда
Ирландия Европадаги умуммиллий локдаунни қайта жорий этишга қарор қилган илк давлат бўлди. Пайшанба куни тун ярмида мамлакатда 6 ҳафта давом этадиган қатъий чекловлар кучга киради.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи дўконларнинг аксарияти ёпилади. Аҳолидан уйда қолиш сўралган, ишга бориш учун, фавқулодда ҳолатларда ёки жисмоний машқлар учун ташқарига чиқиш мумкин, бунда ҳаракатланиш доираси беш километрдан ошмаслиги керак. Аксарият оммавий тадбирлар сингари, уйда меҳмон кутиш ҳам тақиқланади - эҳтиёт чораларига амал қилган ҳолда ўтказилувчи тўй ва дафн маросимлари бундан мустасно.
Ирландия ҳукумати кўплаб одамлар ишсиз қолишини прогноз қилган. Улар ҳафтасига 400 евродан ортиқ маош олган ходимлар учун ишсизлик нафақасини ҳафтасига 350 еврогача оширишди.
Сешанба куни мамлакатда 13та янги ўлим ва Covid-19’нинг 1269 та ҳолати қайд этилди.
Пайшанба куни Чехияда ҳам карантин бошланади
Чехия ҳукумати ҳам пайшанба кунидан бошлаб умуммиллий локдаун жорий этишга қарор қилди. Аҳоли фақат ишга ва ўта зарурат туғилганда ташқарига чиқиши мумкин.
Бош вазир Андрей Бабиш ушбу қарорга келиш осон бўлмагани, аммо мамлакат соғлиқни сақлаш тизими миллий карантин жорий этилмаган тақдирда уч ҳафтадан кейин юкламага дош бера олмай қолиши ҳақида гапирган.
Чехияда Covid-19’дан зарарланиш бўйича кунлик кўрсаткичлар рекорд даражага етди. Ўтган кун давомида яна 11984 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган ва 106 киши вафот этган.
Чоршанба куни мамлакат бош вазирининг ўринбосари ва ички ишлар вазири Ян Гамачекнинг коронавирусни аниқлаш учун топширган тести мусбат натижа кўрсатди.
41 ёшли Гамачек ҳукумат коалицияси таркибига кирувчи Социал-демократик партиянинг раҳбаридир. Шунингдек, у коронавирус пандемияси бўйича Марказий инқироз штабини бошқаради.
«Давомли ковид»га чалинган беморларни қандай аниқлаш мумкин
Covid-19 касаллигининг узоқ давом этиши эҳтимолини кексалик ва мавжуд соғлиқ билан боғлиқ муаммолар оширади. Бошқа омиллар қаторига аёл жинсига мансублик, ортиқча вазн ва астма киради. Британиядаги Лондон Қироллик коллежи тадқиқоти муаллифлари шундай хулосага келишди.
Covid-19’дан тикланиш давомийлигига қандай омиллар таъсир қилиши юзасидан ўтказилган тадқиқотнинг эълон қилинмаган натижалари BBC нашри ихтиёрига келиб тушган.
Муаллифларнинг таъкидлашича, «давомли ковид»да симптомлар саккиз ҳафта ёки ундан ҳам ортиқ вақт давом этади, бу ҳолат ҳар 20 беморнинг бирида учрайди.
Тадқиқот Лондон Кингс-Коллежи мутахассислари томонидан Covid Symptom Study телефон иловаси орқали олинган маълумотлар асосида ўтказилди.
Ушбу изланишнинг мақсади шифокорлар томонидан «давомли ковид»га мойил бўлган беморларни аввалги босқичларда фарқлай оладиган белгиларни аниқлашдир.
«Касалликнинг биринчи ҳафтасидаги бешдан ортиқ турли аломатлар асосий хавф омилларидан биридир», деди Лондон Қироллик коллежи доктори Клер Стивенс BBC'га берган интервьюсида.
Симптомлар орасида йўтал, иситма, чарчоқ, бош оғриғи, диарея, ҳид ва таъм сезишнинг йўқолиши бўлиши мумкин. Ушбу аломатларнинг бир нечтасини бошдан кечирган одамда, масалан, шунчаки йўталаётган одамга қараганда «давомли ковид» юзага келиш эҳтимоли ортади.
Хавф кексаларда ҳам ошади - айниқса 50 ёшдан катталар, шунингдек, аёллар учун.
«Пандемиянинг дастлабки босқичларида маълумотлар шуни кўрсатдики, эркаклар аёлларга қараганда коронавирусдан оғирроқ азият чекишади ва кўпроқ вафот этишади. Аёлларда эса, бизнинг тадқиқотимиздан келиб чиқилса, «давомли ковид» эркакларга нисбатан кўпроқ юзага келади», дея қўшимча қилган Стивенс.
Олимлар Covid-19’дан аввалги соғлиқ муаммолари орасидан фақат астма ва ўпка касалликларини «давомли ковид» ривожланишига сабаб бўлувчи омиллар қаторига киритишди.
Бразилия январь ойида эмлашни бошлаш учун Хитой вакцинасини сотиб олди
Бразилия дунёда биринчилардан бўлиб Хитойда ишлаб чиқарилган вакцина орқали коронавирусга қарши миллий эмлашни режалаштирмоқда.
Сан-Паулу губернатори Жоау Дориянинг айтишича, ҳукумат 46 миллион дозада CoronaVac вакцинасини сотиб олмоқда. Аҳолини эмлаш дастури 2021 йилнинг январидан бошланиши кўзда тутилган.
Хитойнинг Sinovac Boitech компанияси томонидан яратилган CoronaVac вакцинаси клиник синовларнинг сўнгги босқичида. Улар Сан-Паулу шаҳрида ўтказилади.
Шунингдек, Бразилия иммунизация дастурида Буюк Британиянинг Оксфорд университети ва AstraZeneca фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган вакцинадан ҳам фойдаланилади.
Бразилия (АҚШ ва Ҳиндистон билан бир қаторда) коронавирусдан энг кўп зарар кўрган мамлакатлар учлигида қолмоқда. У ерда 5,3 миллиондан ортиқ касалланиш ҳолатлари ва Covid-19’дан 155 мингга яқин ўлим қайд этилган.
Грузия, Тунис ва Канада фуқароларига ЕИга кириш тақиқланиши мумкин
ЕИ пандемия вақтида фуқаролари иттифоқ худудига кириши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатидан Канада, Тунис ва Грузияни чиқариб, Сингапурни шу қаторга қўшишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Брюсселдаги шахсий манбасига асосланиб хабар берган.
Бу ҳолатда ЕИнинг «оқ рўйхати»даги мамлакатлар сони 11тадан 9тага қисқаради.
Улар қаторида Австралия, Хитой, Япония, Янги Зеландия, Руанда, Жанубий Корея, Таиланд ва Уругвай бор.
Мавзуга оид
20:49 / 29.05.2026
Россия Ўзбекистоннинг 10 та корхонасига сабзавот ва меваларни олиб киришни тақиқлади
08:45 / 20.05.2026
Ўсимликлар карантини агентлиги директори янги вазифага ўтди
19:09 / 11.05.2026
Россияда ўзбек асаларилари ортилган юк машинаси бир ойдан бери қидирилмоқда
21:55 / 26.04.2026