Жаҳон | 02:30 / 21.10.2020
10251
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ рекорд сондаги ҳафталик касалланиш ҳолатларини қайд қилди

Фото: AP

Дунёда коронавирусга чалинганлар сони ўтган ҳафта ичида 2,4 млнга кўпайди. Бу эса пандемия бошидан бери энг юқори ҳафталик кўрсаткич ҳисобланади. Ўлим ҳолатлари эса 36 мингдан кўпроқни ташкил қилган.  

“Коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони жадал суръатлар билан ўсмоқда. Янги ўлим ҳолатлари эса нисбатан барқарор даражада қолмоқда. Охирги ҳафтада 2,4 млндан кўпроқ янги касалланиш ва 36 минг ўлим ҳолати қайд этилган”, деб маълум қилинган ЖССТда. 

Энг оғир эпидемик вазият Шимолий ва Жанубий Америкада сақланиб қолмоқда. Бу минтақада 12 октябрдан 18 октябргача 798 мингдан кўпроқ киши коронавирус юқтириб олган, жами касалланганлар сони эса 18,8 млндан ошган. Шунингдек, минтақада бир ҳафта ичида 16 мингдан кўпроқ ўлим ҳолати қайд этилган, жами ўлим ҳолатлари сони 18 октябрь ҳолатига кўра 608 мингдан кўпроқни ташкил қилган.   

Европада эса бир ҳафта аввалгига нисбатан коронавирусга чалиниш даражаси 25 фоизга ўсган. Касалланганлар сони бир ҳафтада 927 мингдан кўпроққа ошиб, 8 млндан ортган. Европада бир ҳафта ичида вирусдан 8 мингдан кўпроқ киши вафот этган, жами ўлим ҳолатлари сони 256 мингдан ошган. 

Жануби-Шарқий Осиёда бир ҳафта давомида 513 мингдан кўпроқ янги касалланиш ҳолати қайд этилиб, жами касалланганлар сони 8,5 млндан ошган. Ўлим ҳолатлари 6,8 мингтага кўпайиб, 135 мингдан кўпроққа етган. 

Давлатлар кесимида Ҳиндистонда бир ҳафта ичида 440 мингдан кўпроқ, АҚШда деярли 383 мингта, Бразилияда 144 мингдан кўпроқ янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Европада ўтган ҳафта энг кўп касалланиш ҳолатлари Британияда қайд қилинган – 114 мингдан кўпроқ. 

Ҳафта давомида дунё бўйича энг кўп ўлим ҳолатлари Ҳиндистонда қайд қилинган – 5,6 мингдан кўпроқ. Бу борада кейинги ўринларни АҚШ (4,8 мингдан кўпроқ), Бразилия (3,5 мингдан кўпроқ), Аргентина (2,4 минг) ва Мексика (2,1 минг) эгаллаган.

Мавзуга оид