Ўзбекистон | 11:39 / 21.10.2020
11835
2 дақиқада ўқилади

Сардор Умурзоқов Афғонистон президенти билан учрашди

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Кобул шаҳрига ташрифи чоғида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, минтақавий ва маданий-гуманитар соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалаларининг кенг доираси муҳокама қилинди.

Шунингдек, учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ишончга асосланган муносабатларнинг юқори даражаси ҳамда турли даражадаги икки томонлама ҳамкорликнинг очиқ ва конструктив хусусияти қайд этилди. Томонлар Доҳа шаҳрида (Қатар) музокара жараёнини давом эттиришга содиқлигини ҳам тасдиқлади. 

Томонлар инвестициялар, савдо, энергетика, транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларини ривожлантиришга мўлжалланган амалий ҳамкорликка ўзаро тайёрлигини билдирди.

Ашраф Ғани транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча молиялаштириш манбаларини жалб этиш мақсадида халқаро молия институтлари, хусусан, АҚШнинг Халқаро тараққиёт молия корпорацияси, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Учрашув якунида сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий, энергетика, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш мақсадида ҳар икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Томонлар «Йўл харитаси»га киритилган тадбирлар амалга оширилишини ҳар ойда кўриб чиқишга келишиб олди.

Мавзуга оид