Жамият | 11:47 / 22.10.2020
15714
3 дақиқада ўқилади

“Икки акам жигар циррози билан оғрийди, бири Ҳиндистонда коронавирусга ҳам чалинди...” – мусофирликда иложсиз қолган сингил ҳикояси

Жигар циррозига одатда жуда мураккаб ва давосиз дард сифатида қаралади. Аммо сўнгги йилларда тиббиёт анча ривожланди, айниқса, хорижлик жарроҳлар жигарни кўчириб ўтказиш бўйича катта ютуқларга эришди. Ўзбекистонлик беморлар бундай дардга шифо топиш учун Ҳиндистонга жўнашлари кўп кузатилади. Қувонарли жиҳати, улар орасида соғайиб кетганлари ҳам талайгина. Бугунги мақоламиз қаҳрамонлари ҳам жуда мураккаб вазиятда. Бир оиланинг икки ўғлони жигар циррозига чалинган ва улардан бири Ҳиндистонда қолиб кетгани камлик қилгандек вирус ҳам юқтириб олган.

– Бир акам дардга чалиниб, бири соғ бўлса ҳам майли эди, иккинчиси тиргак бўларди. Акаларим Баҳодир ва Жаҳонгир Салайдиновларнинг ҳар иккиси ҳам жигар циррозига чалинган. Энди биз икки опа-сингил, онамиз ва келинойилардан иборат аёллар нима қилишимизни билмай қолдик, – дейди наманганлик Назира Жамолиддинова.

Акаларим соғлигида жуда бақувват йигитлар эди, дард ҳар иккисини ҳам тўкиб қўйди. Баҳодир акам қўшиқлар айтарди, ҳозир ҳам “Соғайсам, масжидга чиқиб азон айтаман”, деб ният қилиб юради. Шу акамга зудлик билан операция буюрилгани боис Ҳиндистонга бориб жигар кўчириш учун коримизга яраб турган дўконимизни сотиб юборишга мажбур бўлдик. Энди навбат уйимизга келяпти. Энг алам қиларлиси, бир опам ҳам шу касалликдан вафот этган. Қариб қолган ота-онам яна бир бор фарзандидан жудо бўлмасликлари учун елиб-югураяпмиз.

Ҳозир Ҳиндистондамиз, дард устига чипқон деганлари шудир-да, шифо излаб келган Баҳодир акам бу ерда коронавирусга чалиниб қолди. Мажбурликдан анча пулимизни аввал шу касалликни даволашга сарфлаб қўйдик. Бугун даволанишлар учун жуда-жуда қийин вазиятга тушиб турибмиз ва Kun.uz сайтининг саховатпеша муштарийларидан ёрдам сўрашдан ўзга иложимиз қолмади. Жигарга ҳам ўзимиз донорлик қиляпмиз, шу ҳолатда бегона юртларда қолиб кетишимизни ўйласам, юрагим орқага тортиб кетади. Бизга ёрдам қўлини чўзганларнинг бирига минг берсин, илоҳим, – деди акалари учун куйинган сингил йиғлаб.

Ака-ука Салайдиновларга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 5792 0914 (Агробанк, Жаҳонгир Салайдинов номида)

Сбербанк: 4817 7603 3870 0812 (таниши Урал Абдуазизов номида)

Visa: 4218 3200 2028 4674 (синглиси Сожидахон Нуриддинова номида)

Телефон рақами: +99897 2501783 (укаси)

Азиз юртдошлар! Бир кишига бу дард тегишининг ўзи оғир синов. Бир оиланинг икки ўғли бундай дардга чалиниши эса ниҳоятда жиддий ҳолат. Кўпчиликнинг оз-оздан ёки озчиликнинг кўп қилиб бергани ҳам бу оилани оғир вазият чангалидан қутқариб қолиши мумкин. Эҳсонни сақлаб турманг.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид