Ўзбекистон | 08:21 / 22.10.2020
7854
4 дақиқада ўқилади

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун эълон қилинди 

«Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун эълон қилинди. У 3 ой ўтгач кучга киради.

Фото: Depositphotos

Ҳужжат 2008 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг ўрнини босади.
 
Norma’нинг ёзишича, қонунда қуйидаги асосий жиҳатлар тартибга солинган:

  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қимматини уларнинг мустақиллигини, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш; ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик; инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги; ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланаётган қобилиятини ва ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш; объектлар ва хизматларнинг қулайлиги; 
  • соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва ваколатли органларнинг ваколатлари: Вазирлар Маҳкамаси, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича идоралараро кенгаш, шунингдек уларга кўмак кўрсатувчи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ННТлар;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг базавий ҳуқуқлари: шахсий ҳаёт дахлсизлиги; оилага ва оила муҳитига бўлган ҳуқуқ; фуқаролик ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи; уй-жойга бўлган ҳуқуқ; давлат органларига, ташкилотларига ва уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилиш ҳуқуқи. Ногиронлиги бўлган шахсларни таълим олиши, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, меҳнат қилиши ва бандлиги масалалари алоҳида қайд этилади;
  • давлат томонидан бериладиган кафолатлар: ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига риоя этган ҳолда лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилиш; транспорт воситаларининг ва йўл инфратузилмасининг қулайлиги, меҳмонхона хоналарининг қулайлиги, ахборотдан фойдаланиш;
  • фуқарони ногиронлиги бўлган шахс деб топиш тартиби, уни якка тартибда реабилитация қилиш ҳамда абилитация қилиш (жамиятда ҳаёт кечиришга мослашиш учун организмнинг мавжуд бўлмаган ёки йўқотилган функцияларини шакллантириш бўйича тузатиш чора-тадбирлари комплекси);
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини сақлаш, уларга ижтимоий ёрдам ва ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш билан боғлиқ масалалар. Бунда ижтимоий ёрдам ҳокимиятлар, соғлиқни сақлаш, халқ таълими органлари, бошқа давлат органлари томонидан тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг – соғлиқ сақлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари, хайрия ва бошқа органларнинг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва ННТлар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари иштирокидаги хулосалари асосида кўрсатилади.

Давлат замонавий протез-ортопедия мосламаларини ва реабилитация қилишнинг техник воситаларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида реабилитация қилиш индустриясини ривожлантиришга кўмаклашади. Шу жумладан ушбу соҳада бизнес учун преференциялар белгилайди.
 
Ҳисобот даври якунлари бўйича қайси тадбиркорлик субъектининг тушуми умумий ҳажмининг камида 30 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар учун протез-ортопедия мосламаларини ва анжомларини ишлаб чиқаришдан, шунингдек уларга ортопедик протезлаш мосламаларини ва анжомларини таъмирлаш ҳамда хизмат кўрсатишдан келиб тушган бўлса, ўша тадбиркорлик субъекти қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

  • ўзи киритган таклифлар танлов савдолари бошқа иштирокчиларининг таклифлари билан тенг бўлган тақдирда харидор томонидан инвестиция мажбуриятларини ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан давлат мулки объектларини «ноль» харид қиймати бўйича реализация қилиш юзасидан ўтказилган танлов савдолари натижаларига кўра контракт тузишга доир устунлик;
  • давлат мулки объекти учун мазкур объектнинг ижара ҳақи ставкаси энг кам миқдорининг 50 фоизи миқдорида ижара ҳақи тўлаш.  

Қонун 17.01.2021 йилдан кучга киради. 

Мавзуга оид