Жаҳон | 23:18 / 22.10.2020
5853
1 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи ва Британия бундестагга қилинган киберҳужум учун Россияга қарши санкциялар киритди

Европа иттифоқи ва Британия Россиянинг Бош разведка бошқармаси (ГРУ) махсус хизматининг 85-бош маркази ва 2 нафар россиялик - Дмитрий Бадин ва Игорь Костюковга қарши санкциялар киритди. Улар 2015 йилда Германия бундестагига қилинган хакерлик ҳужумига алоқадорликда айбланмоқда.

Фото: Коммерсантъ

Таъкидланишича, марказ томонидан содир этилган киберҳужумлар Европа иттифоқи ва унга аъзо давлатларга катта хавф солади. Европа иттифоқининг санкцияларига қўшилган Британия ГРУнинг зобитлари бўлган Бадин ва Костюковга ўз ҳудудига киришни тақиқлаган ва уларнинг активларини музлатиб қўйган. “Британия Германия ва Европадаги ҳамкорларимиз билан бирга Россиядан киберҳужумлар учун жавобгар бўлишни талаб қилади”, деб айтган Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб. 

Россия фуқароларига бир неча кун давомида бундестаг фаолиятини издан чиқариш ва бир неча депутат ҳамда Германия канцлери Ангела Меркель аккаунтларини бузиб кириш айби қўйилмоқда. Германия баҳордаёқ ушбу ҳужум учун Россияга санкциялар киритиш билан таҳдид қилган. 

13 октябрда Норвегия ҳам Россияни ўз парламентига хакерлик ҳужуми содир этишда айблаган. 

Мавзуга оид