Жаҳон | 21:22 / 23.10.2020
19126
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Иннинг рафиқаси узоқ вақтдан бери кўриниш бермаётгани маълум қилинди 

Жанубий Корея матбуотида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг рафиқаси Ли Соль Чжу узоқ вақтдан бери кўринмай қолгани ҳақида маълум қилинди. Daily NK нашрининг ёзишича, Шимолий Корея етакчисининг рафиқаси 9 ойдан бери омма олдида кўриниш бермаган.

Фото: KCNA

Шимолий Корея давлат нашрлари Ли Соль Чжуни охирги марта 25 январда Ким Чен Ин билан Пхеньяндаги театрга Янги йил томошасига борганида қайд қилишган. Ўшандан бери у кўриниш бермаяпти. Жумладан, Ли Соль Чжу 10 октябрда Ким Ир Сен майдонида ўтган ҳарбий парадда ҳам иштирок этмаган.

Daily NK нашрининг Шимолий Кореядаги манбалари Ли Соль Чжу кўринмай қолганининг бир нечта эҳтимолий сабабини маълум қилишди. Улардан бирига кўра, Шимолий Кореянинг биринчи хоними Ким Чен Иннинг хаста бўлиши мумкин бўлган аммаси Ким Гён Хига қарамоқда. Иккинчи тахминга кўра, Ли Соль Чжунинг соғлиғида муаммолар бўлиши мумкин.

Бошқа маълумотларга кўра, Ли Соль Чжу ўзини ва оиласини коронавирусдан ҳимоялаш мақсадида омма олдида кўриниш бермаяпти.

Жанубий Корея Ким Чен Ин ва унинг оиласи аъзоларининг сирли йўқолиб қолишлари ҳақида биринчи марта хабар қилмаяпти. Апрелда Ким Чен Ин бир неча кун кўринмай қолгандан кейин у вафот этгани ёки хаста бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Россияда бу маълумотлар рад этилган, АҚШда эса ҳар қандай ҳолатга тайёр туриш кераклиги айтилган. Бироқ Ким Чен Ин май ойида омма олдида тирик ва соғлом ҳолда кўриниш берган. 

Мавзуга оид