Ўзбекистон | 22:46 / 25.10.2020
24387
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Устоз» миллий танлови бошланди. Соврин – 30 млн сўм ва Дубайга йўлланма

«Йилнинг энг яхши ўқитувчиси» танлови ўрнига янгича форматдаги «Устоз» миллий танлови йўлга қўйилди. Ташкилотчи – шу йилдан фаолият бошлаган Ўқитувчилар ассоциацияси. Ғолиблар учун пул мукофоти миқдори сезиларли оширилган.

Ўзбекистонда илк марта ташкил этилаётган «Устоз» миллий танлови учун халқ таълими тизими педагогларидан аризалар қабули бошланди. Танлов «Йилнинг энг яхши ўқитувчиси» танловининг ўрнини эгаллайди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Янги танловни Халқ таълими вазирлиги эмас, шу йил июнь ойида очилган нодавлат ташкилот – Ўқитувчилар ассоциацияси ташкил қилади ва ғолибларни аниқлайди.

«Устоз – 2020» танловида 6та номинация бўйича ғолиблар аниқланиб, уларнинг ҳар бири 30 млн сўмдан пул мукофоти ва Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро ўқитувчилар форуми (GESF-2021) йўлланмаси билан мукофотланади.

Ўқитувчилар ассоциацияси танловни ўтказишда Лондонда жойлашган халқаро хайрия фонди – Varkey Foundation билан ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу фонд 30дан ортиқ мамлакатда илғор ўқитувчиларни саралаб олишга қаратилган миллий танловларни қўллаб-қувватлайди; «Global Teacher Prize» танлови ва «Global Education & Skills» форумини (GESF) ўтказиб келади.

«Туман – вилоят – республика» шаклидаги уч босқичли тизимдан воз кечилди

Халқ таълими тизимидаги (ҳам хусусий, ҳам давлат тасарруфидаги) мактаблар ўқитувчилари танловда иштирок этиш учун www.ustozmukofoti.uz сайтида анкета тўлдириши зарур. Минимал талаб – камида 2 йиллик иш тажрибаси.

  • Биринчи босқич 22 октябрдан 13 ноябргача давом этади. Бу вақт оралиғида номзодлар ижодий-таълимий видеоролик тайёрлаб, уни YouTube'га юклаши ва видеога ҳаволани анкетада кўрсатиши лозим. Эркин мавзудаги видеоролик ўқувчилар иштирокида бўлиши, 2 дақиқадан ошмаслиги талаб этилади.
  • Иккинчи босқичга (24 ноябрь – 6 декабрь) 150 нафар ўқитувчи саралаб олинади ва улар билан ZOOM орқали суҳбат ташкил этилади. Суҳбатда ўқитувчининг касбий маҳорати ва ўқитишга ёндашувини баҳолаш учун саволлар берилади; муаммоли вазиятларга ечим топиш қобилияти кейслар асосида баҳоланади.
  • Учинчи босқич (финал) 30 нафар педагог иштирокида ўтади. Улар 10-14 декабрь кунлари Тошкент вилоятида оромгоҳга таклиф этилиб, турли мусобақаларда қатнашади. 6 нафар ғолиб ижодий-касбий мусобақалардаги фаол иштироклари ва 2 дақиқалик мотивацион нутқи асосида танлаб олинади.

Тошкент шаҳридаги тантанали тадбирда ғолибларга 30 млн сўмдан пул мукофоти («Йил ўқитувчиси» танлови мукофотидан уч баробар кўп), сертификат, турли совғалар ва БААнинг Дубай шаҳрида ўтадиган «GESF-2021» форумига йўлланма тақдим этилади. Қолган 24 иштирокчи эса 5 млн сўмдан пул мукофоти, сертификат, ноутбук ва бошқа совғалар билан тақдирланади.

Фанни яхши билишнинг ўзи кифоя эмас

Ўқитувчилар ассоциацияси раиси Наргиза Қўчқорованинг сўзларига кўра, «Йил ўқитувчиси»дагидан фарқли равишда, «Устоз» танловида ўқитувчиларнинг фан бўйича билимидан ташқари педагогиканинг бошқа аспектлари ҳам инобатга олинади.

«Бизда бу масала ҳеч қачон муҳокама қилинмаган. Танловлар 30 йилдан бери битта қобиқда ўтказилган. Математика ўқитувчилари математика билан мусобоқалашган, холос. Тест бўлар эди. Лекин ўйлаб қараганда, тест ўқитувчининг фақат ўша фанини билишини белгилаши мумкин», – деди Қўчқорова 23 октябрь куни АОКАдаги матбуот анжуманида.

Наргиза Қўчқорова / Фото: Халқ таълими вазирлиги

Ташкилотчиларга кўра, ўқитувчилар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

  • фаолият самарадорлиги (ўқувчиларининг таълимдаги ютуқлари);
  • шахсий фазилатлар (педагогик сезги, ижодкорлик, импровизация, уюшқоқлик ва мулоқот маданияти);
  • мактабдан ташқари фаолиятидаги ютуқлар;
  • таълим келажагига қўшган ҳиссаси ва ўқитувчилик касбини тарғиб қилиши;
  • бўш ўзлаштирувчи ва иқтидорли ўқувчилар билан иш олиб бориши;
  • ўқитишда инновацион таълим усулларини қўллаши.

Ғолиблар қуйидаги номинациялар бўйича аниқланади:

  • «Таълимда инновацион ёндашув ва ғоялари учун»
  • «Меҳридарё устоз» (имконияти чекланган болаларнинг устозлари)
  • «Таълим соҳасида кўрсатган хизматлари учун» (чекка ҳудудлардаги ўқитувчилар)
  • «Умид тимсоли» (ёш педагоглар)
  • «Бошланғич таълим фидокор устози»
  • «Плюс 1» (хусусий мактаблар; ижод, ихтисослаштирилган ва президент мактаблари агентлигига қарашли мактаблар ўқитувчилари учун алоҳида номинация)

Мавзуга оид