Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Таълимдаги тўлов учун кимлар даромад солиғидан озод бўлади?
Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш учун тўловга йўналтирилган даромад турларига солиқ солинмайди. Қуйида ушбу имтиёздан ким ва қандай фойдаланиши ҳақида маълумот берилади.
Солиқ кодексининг 378 моддаси 16 бандига мувофиқ, солиқ органига декларация топшириш орқали ОТМ контракт тўловида солиқ чегирмасидан фойдаланиш мумкин. Бунда олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўлов амалга оширилганда, тўлов қилинган қисми даромад солиғидан озод этилади.
Таълим учун тўлов қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилганда солиқ чегирмаси тақдим этилади:
— ўз маблағлари;
— жисмоний шахсга тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитлари;
— юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларга қайтариш шарти билан берилган маблағлари (ссудалар).
Тўлов ойлик иш ҳақидан эмас, мустақил амалга оширилганда, солиқ органига жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни топширган ҳолда, солиқ чегирмасидан фойдаланиш мумкин. Бунда солиқ чегирмаси ОТМда ўқиш учун ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасига, солиқ даври учун кўрсатилган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади миқдорида берилади.
Солиқ чегирмасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлаш учун қуйидагилар тақдим этилади:
— талаба билан олий ўқув юрти ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома нусхаси;
— тижорат банки билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
— олий ўқув юртлари ҳисоб рақамига пул маблағларини мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси;
— паспорт нусхаси ва таълим олувчининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.
Солиқ чегирмаси давлат солиқ хизмати органлари орқали жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш йўли билан ҳамда солиқ тўловчининг ёзма аризасига биноан тўлов манбаида — иш берувчи томонидан ҳам берилиши мумкин. Аммо ака-ука, опа-сингил, амма-хола, амаки-тоға, васий ва бошқаларнинг таълими учун тўловларда ушбу имтиёз қўлланилмайди. Даромад солиғи бўйича берилган имтиёзли давр кредит тўлиқ сўндирилгунча амал қилади. Масалан, талаба 3 курсда таълим кредити олишга қарор қилган ва ўқишни икки йилдан кейин тамомлади. Аммо унинг кредити тижорат банклар томонидан икки йилдан кўпроқ муддатга берилган бўлса, солиқ чегирмаси кредит сўндирилгунча татбиқ этилади.
Эслатиб ўтамиз, жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларацияни солиқ инспекциясига шахсан ташриф буюриш ёки почта орқали буюртма хатда юбориш ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда тақдим этиш имконияти мавжуд.
Мавзуга оид
15:13 / 15.06.2026
Наманганда таълим тизими мансабдори тезкор тадбирда қўлга олинди
11:10 / 08.06.2026
Нодавлат таълим муассасалари қонунбузилиш хавфи бўйича баҳоланади
13:43 / 02.06.2026
“Давлат мактабларининг асосий вазифаси болаларни маълум вақт ушлаб туриш бўлиб қолди” – Ҳамид Содиқ
08:38 / 02.06.2026