Жаҳон | 21:15 / 26.10.2020
10970
2 дақиқада ўқилади

Тихановская Беларусдаги иш ташлашлар қатнашчилари учун 7 млн доллардан ортиқ пул йиғилганлигини айтди

Тихановская мамлакатдаги иш ташлашларда «ишониш қийин бўлган бирдамлик» кузатилаётганини таъкидлади.

Фото: Getty Images

Беларусдаги иш ташлашларда қатнашаётган аҳолига ёрдам кўрсатиш жамғармалари 7 млн доллардан ортиқ пул йиғди. Бу ҳақда Беларусь президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская маълум қилди.

«Биз дунёда бирдамликни кузатмоқдамиз. «Сиз иш ташлашингиз учун биз ишлаймиз» акциясини йўлга қўйгандик. Одамлар кунлик маошларини иш ташлашларда қатнашаётган аҳолига ёрдам кўрсатиш жамғармаларига ўтказишмоқда ва мендаги маълумотларга кўра, аллақачон 7 млн доллардан ортиқ пул йиғилди», - деди у.

Тихановская шунингдек, мамлакатдаги иш ташлашларда «ишониш қийин бўлган бирдамлик» кузатилаётганини айтди.

«Бугунги кун умуммиллий иш ташлашнинг бошланиши холос, ишончим комилки, у давом этади», - деб таъкидлади у.

26 октябрь куни Беларусда умуммиллий иш ташлашлар бошланди. Светлана Тихановская ҳукумат «халқ ультиматуми»ни бажармагач, умуммиллий иш ташлашлар ҳақида эълон қилганди. Иш ташлашларга қатор давлат корхоналари ва хусусий компаниялар ходимлари ҳам қўшилишган.

Мавзуга оид