Жаҳон | 23:51 / 27.10.2020
2773
2 дақиқада ўқилади

Alibaba’да ходимлар ўртасидаги мулоқотда лавозимлар номини айтишдан воз кечилди

Хитойнинг Alibaba Group компанияси ходимлар ўртасидаги онлайн мулоқотда лавозимлар номини айтишдан воз кечиш бўйича халқаро лойиҳани йўлга қўйди. Бу лойиҳа оддий ходимлар ва раҳбарлар ўртасидаги мулоқотни енгиллаштиришга қаратилган.

Фото: Aly Song / Reuters

Компанияда тушунтирилишича, Alibaba ўтказган тадқиқот ходимлар онлайн мулоқотда бирор раҳбарни кўрганда ўз фикрларини очиқчасига айтмасликларини ва “қоғозга ўраб” гапиришни бошлашларини кўрсатган. Янги қоидаларга кўра, ходимлар корпоратив мессенжерлар, ички порталлар ва электрон почтада бирор ходим эгаллаган лавозим ўрнига у компанияда бажарадиган вазифанигина кўришади. Мисол учун, эндиликда компания ичидаги мулоқотда “маркетинг бўйича директор” ўрнига “маркетинг вазифасини бажарувчи” деб кўрсатилади.

Компания ходимлари пандемия вақтида кўпроқ онлайн гаплашишни бошлашган. Гуруҳ бўлиб онлайн мулоқот қилиш лавозим номининг кўрсатилиши ўзаро мулоқотга салбий таъсир қилишини кўрсатган. Шунингдек, ходим раҳбар билан бевосита мулоқот қилганда, унинг ташаббускорлиги сусайиши қайд қилинган. 

Шу билан бирга компания очиқликка интилмоқда. Таъкидланишича, Alibaba’нинг корпоратив мессенжерида ҳар қандай ходим исталган даражадаги раҳбарга, ҳаттоки компания асосчиси Жек Ма ва бош директори Дэниел Чжанга ҳеч иккиланмасдан қўнғироқ қилиши ёки ёзиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид