Собиқ иттифоқ республикалари орасида аҳолиси энг камбағали маълум бўлди
Тожикистонликларнинг ўртача йиллик даромади қирғизистонликлардан 1,4 марта, ўзбекистонликлардан 2 марта, қозоғистонликлардан 10 марта кам. Бу ҳақда Халқаро валюта фондининг ҳисоб-китобларига асосланиб, «Азия-Плюс» ёзмоқда.
Манбада ёзилишича, аҳолиси 9,5 миллионга яқинлашаётган Тожикистон одамлари асосий даромадини хорижда ишлаб топади. Мамлакатда қишлоқ хўжалиги билан шуғулланса бўладиган ер захираси жуда кам, чунки ҳудудининг асосий қисмини тоғ-тошлар ташкил этади. Бунинг устига, мамлакат фойдали қазилмаларга бой эмас. Ана шу омиллар ҳисобига Тожикистон аҳолиси собиқ иттифоқ республикалари аҳолиси орасида энг камбағали бўлиб қолмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, Тожикистонда аҳоли жон бошига ҳисоблаганда ўртача йиллик даромад 833 долларни ташкил қилади. Таққослаш учун, Қирғизистонда бу кўрсаткич 1 147 долларни, Ўзбекистонда 1 762 долларни, Қозоғистонда 8 781 долларни ташкил этади. Туркманистон ҳақида эса маълумот мавжуд эмас.
2019 йил Тожикистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 77,3 миллиард сомонийни ташкил этди (йил бошидаги курс бўйича 7,9 миллиард доллар). Бу мамлакатнинг жон бошига тахминан 840 долларга тўғри келади. Тожикистон аҳолиси 2020 йил бошида 9,3 миллион кишидан ошиқроқ эди. Айни пайтда, ХВЖнинг октябрь ойида ўтказилган «Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш истиқболлари» ҳисоботида Тожикистон иқтисодиётининг ўсиши ўтган йилги 7,5 фоиздан бу йил 1 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. ХВЖ иқтисодчилари 2021 йилда Тожикистоннинг иқтисодий ўсишини 6 фоизгача кўтарилади деб тахмин қилмоқда.
Тожикистон ҳукумати йил бошида 2020 йилда мамлакат иқтисодиёти 7,9 фоиз ўсишини режа қилаётган эди, аммо пандемия сабаб иқтисодий кўрсаткичлар ҳам, прогнозлар ҳам кескин пастлаб кетди.
Постсовет ҳудудида аҳоли жон бошига ўртача йиллик даромад энг юқори кўрсаткич Болтиқбўйи мамлакатларида: Эстонияда 23 минг доллар, Литвада 20 минг доллар, Латвияда 17,2 минг доллардан ортиқ. Россияда бу кўрсаткич 9 972 долларни ташкил этган. Кейинги ўринларда Беларусь (6 133 доллар), Арманистон (4 314 доллар), Молдова (4 267 доллар), Озарбойжон (4 124 доллар) ва Украина (3 491 доллар) бормоқда.
ХВЖнинг сўнгги маълумотларига кўра, дунёнинг атиги тўртта мамлакатида даромадлар аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 100 минг доллардан ошади. Булар – Қатар (139 минг доллар), Макао (113 минг доллар), Люксембург (112 минг доллар) ва Сингапур (105 минг доллар).
Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда энг паст даромад Африканинг учта давлатида қайд этилади: Конго (661 доллар), Бурунди (630 доллар) ва Марказий Африка Республикасида (368 доллар).
Мавзуга оид
00:29 / 26.02.2020
Собиқ иттифоқнинг охирги маршали ва мудофаа вазири вафот этди
01:05 / 10.01.2019
Собиқ иттифоқ олий кенгашининг охирги раиси Анатолий Лукьянов вафот этди
08:50 / 02.09.2018
АҚШнинг Собиқ иттифоқни йўқ қилиш бўйича режалари ошкор қилинди
08:15 / 30.10.2017