Жаҳон | 08:15 / 30.10.2017
49706
2 дақиқада ўқилади

Хрушчёвнинг ўғли Россия куч бўйича АҚШ билан тенглаша олмаслигини айтди

Фото: РИА "Новости"

Собиқ иттифоқ раҳбари Никита Хрушчёвнинг ўғли Сергей Хрушчёв Собиқ иттифоқ куч бўйича АҚШга тенглаша олмаганини, замонавий Россия ҳам бу борада АҚШга яқинлаша олмаслигини айтди. Бу ҳақда Las Vegas Sun нашри хабар бермоқда.  

Техника фанлари номзоди бўлган Сергей Хрушчёв Лас-Вегасдаги Атом синовлари миллий музейида 200 тингловчи олдида нутқ сўзлаган. Олим 1990-йиллардан бери АҚШда яшаб келади ва ўз нутқида икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихини қисқача баён қилиб ўтди.

Хрушчёвнинг фикрича, АҚШ Собиқ иттифоқ билан қарама-қаршилик вақтида ўзини "дунё полициясидек" тутган, Собиқ иттифоқ эса "қўрқиши ва заифлигини" кўрсатишни истамаган. Бу тамойилдан келиб чиқиб Москва ўз сиёсатини қурган. Хрушчёв бундай йўл тутилишига мисол тариқасида Собиқ иттифоқнинг Ойга АҚШ-Россия миссиясини юбориш ташаббусидан бош тортиши ва Кариб инқирозини келтириб ўтди.

Совуқ урушнинг якунланиши Собиқ иттифоқ ва АҚШ ўртасида "маданият ва қадриятларда фарқланиш" борлигини кўрсатган.. Собиқ иттифоқнинг сўнгги раҳбари Михаил Горбачёв бу ҳодисани давлатлар ўртасида иттифоқдошлик ва дўстона муносабатлар ўрнатиш деб, унинг америкалик ҳамкасби Рональд Рейган қарама-қаршиликда Вашингтоннинг ғалабаси сифатида қабул қилган.

Хрушчёв келгусида икки давлат учун тинчлик ва фаровонликни ўзаро ҳурматда кўрмоқда. "Биз дунё полициячиси бўла олмаймиз ва биз ўзимизга ёқмаган ҳар бир давлатни жазолай олмаймиз. Биз қадрлашни ва ўз томонимизга иложи борича кўпроқ давлатни жалб қилишни ўрганишимиз лозим", деб айтган Хрушчёв.

Хрушчёв демократия ва қонун устуворлиги мавзусига ҳам тўхталиб ўтди. "Демократиянинг асоси қонун ҳисобланади. Бироқ Россияда қонун ҳимояланиши борасида кўплаб саволлар бор", деб ўз фикрларини хулосалаган Хрушчёв.

Мавзуга оид