«Суюнчи» пули бериш билан масъул касб эгаларига душманлик қиласиз» – ДХА фуқароларга эслатма билан чиқди
Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда ФҲДЁ идоралари ходимлари томонидан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни расмийлаштиришда ортиқча маблағ ундирилаётгани борасида фикрлар тарқалмоқда.
Давлат хизматлари агентлиги билдирилаётган шу каби фикрлар юзасидан изоҳ бериб, фуқароларга бир қатор эслатмалар билан чиқди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг тегишли буйруғи билан ФҲДЁ органлари томонидан жисмоний шахсларга кўрсатиладиган пулли хизматлар тўғрисидаги низом тасдиқланган.
«Бунда никоҳдан ажралганлик, туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувларини тиклаш, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш каби фуқаролик ҳолатлари далолатномалари бўйича ҳуқуқий тушунтириш бериш ва уларга тегишли ўзгартириш киритиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10% миқдорида (бугунги кунда 22 300), фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этиш билан боғлиқ бўлган аризаларни тўлдиришда ёрдам берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2% миқдорида (бугунги кунда 4 460), сайёр тартибда никоҳни тантанали қайд этиш (транспорт харажатларидан ташқари) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100% миқдорида ихтиёрий пулли хизмат ундирилиши мумкин», – дейилади агентлик изоҳида.
Унда шунингдек, ФҲДЁ органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланувчи жисмоний шахсларга ҳам айрим эслатмалар келтириб ўтилади.
«Ҳурматли фуқаролар, фарзанд дунёга келиши албатта қувонарли. Йиллар давомида шаклланиб келган анъана, айниқса биринчи фарзандингиз дунёга келганида туғруқхонада, кейинчалик эса унинг гувоҳномасини ФҲДЁ идорасидан олишда кўнгилдан чиқариб «суюнчи» пули бериш истагингиз пайдо бўлиши сир эмас. Бироқ, сиз бу билан масъул касб эгаларига душманлик қиласиз, уларнинг эртага бошқа сиз каби фарзанди дунёга келган, аммо «суюнчи» беришга имкони йўқ фуқаро билан бошқача муомала қилишига ва келганларнинг қўлига қараб қолишига ўргатасиз. Бу ҳам коррупциянинг кўринишларидан бири.
Давлат хизматлари агентлиги коррупцияга мутлақо муросасиз муносабатда.
Бунинг учун ФҲДЁ идоралари Агентлик тасарруфига ўтганиданоқ, ходимларга муносиб иш шароитини яратиб, қилган меҳнатига адолатли ҳақ тўланиши чораларини кўрди.
Агар Сиз ФҲДЁ идораларида белгиланган тўловлардан ортиқча маблағ талаб қилиниши ҳолатларига дуч келсангиз, Давлат хизматлари агентлигининг 1148 телефони орқали дарҳол хабар беринг», – дейилади эслатмада.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунига асосан, туғилганлик ҳақида, никоҳни қайд этганлик, никоҳни бекор қилганлик тўғрисида, ўлим ҳақидаги ёзувлар ўзгартирилганлиги, уларга қўшимчалар киритилганлиги, тузатилганлиги ва қайта тикланганлиги муносабати билан гувоҳномалар берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида (бугунги кунда 22 300) давлат божи ундирилиши кўрсатилган. Бунда агар аввал далолатнома ёзувлари тўлдирилган бўлса ва боланинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига ўзгартириш киритилиб, янгидан гувоҳнома берилган ҳолларда тўлов ундирилади.
Мавзуга оид
07:30 / 15.03.2024
Ўзбекистонда икки ойда қанча никоҳ қайд этилгани айтилди
18:21 / 05.01.2024
Ўзбекистонда 2023 йили энг кўп қўйилган исмлар маълум қилинди
18:37 / 23.10.2023
Никоҳ, оила ва фуқаролик ҳолати далолатномасини қайд этиш соҳасидаги ҳужжатлар тизимлаштирилади
08:23 / 10.07.2023