Ўзбекистон | 20:39 / 27.10.2020
5351
2 дақиқада ўқилади

Хитойнинг Гуангчжоу шаҳрида Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси очилди

2020 йил 27 октябрда Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу консулхона Гуандун, Фуцзян, Хунан, Хайнан провинциялари ҳамда Гуанси-Чжуан автоном туманини қамраб олади.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги элчиси Бахтиёр Саидов, Гуандун провинцияси ва Гуангчжоу шаҳар халқ ҳукумати раҳбарлари, мазкур провинциянинг ишбилармон, жамоат ва эксперт доиралари вакиллари ҳамда ватандошларимиз иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Бахтиёр Саидов бош консулхонанинг очилиши Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш, барча соҳаларда амалий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, Ўзбекистон вилоятлари ва Хитойнинг жанубий провинциялари ўртасидаги ўзаро товар алмашув ҳажмини кўпайтиришга қўшимча туртки беришини қайд этди.

Йирик саноат, молия ва транспорт маркази бўлган Гуангчжоу шаҳри минтақалараро алоқаларни ривожлантириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари каби ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида жуда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Ушбу бош консулхона округига Гуандун, Фуцзян, Хунан, Хайнан провинциялари ҳамда Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном тумани киради.

Бош консулхонанинг очилиш маросими доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари эътиборига Ўзбекистонда яратилган жозибали ишбилармонлик муҳити, эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар, қурилиш, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги жабҳасини ривожлантириш борасида эришилган муваффақиятлар ҳамда бу йўналишлардаги ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисида атрофлича маълумотлар тақдим этилди.

Мавзуга оид