Жаҳон | 23:12 / 28.10.2020
6835
2 дақиқада ўқилади

Германияда қатъий карантин жорий қилинади

Германияда коронавирусга чалиниш ҳолатлари кўпаяётгани сабабли 2 ноябрдан карантин чоралари кучайтирилади. Жумладан, Германияда театрлар, концерт заллари, кинотеатрлар, спорт иншоотлари ёпилади.

Фото: Getty Images

Berliner Morgenpost нашрининг хабар беришича, Германия канцлери Ангела Меркель 16 та федерал ер раҳбарлари билан видеоанжуман ўтказиб, унда ноябрь охиригача амал қиладиган янги карантин чекловлари режасини муҳокама қилган.

Режага кўра, Германияда театрлар, концерт заллари, кинотеатрлар, аттракционлар ва кўнгилочар боғлар, фитнес-студиялар, спорт иншоотлари, бассейнлар, бар, ресторан ва паблар, гўзаллик салонлари, массаж хоналари ёпилади.

Мактаблар ва болалар боғчалари очиқ қолади, бироқ улардан гигиенанинг янги баённомаларини киритиш талаб этилади.

Шунингдек, ижтимоий алоқаларни чеклаш режалаштирилмоқда. Жумладан, жамоат жойларида энг кўпи билан иккита оиланинг вакиллари 10 кишидан ошмаган ҳолда учрашиши мумкин. Футбол учрашувлари эса томошабинларсиз ўтади.  

2 ҳафтадан сўнг, тахминан 11 ноябрда Меркель эришилган натижаларни муҳокама қилиш ва тузатмалар киритиш учун яна бир онлайн-учрашув ўтказади.

Германияда сўнгги суткада 14,9 мингта янги касалланиш ҳолати қайд этилди. Охирги кунларда мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони 10 мингтадан ошмоқда. 

Таъкидланишича, бу Франция ва Бельгиядаги кўрсаткичлардан пастроқ, бироқ гап касалланиш ҳолатларининг тобора кўпайиши ҳақида бормоқда ва ҳафта охирига Германияда кунлик касалланиш ҳолатлари сони 20 мингтани ташкил қилиши мумкин.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид