Ўзбекистон | 16:38 / 28.10.2020
4347
2 дақиқада ўқилади

Тошкент-Душанбе йўналишидаги авиақатнов кейинги йил бошига қолдирилди

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати пойтахтлар ўртасида парвозлар бошланишининг аниқ санаси тўғрисида қарор қабул қила олмайди.

Октябрь ойининг ўрталарида томонлар 1 ноябрдан Душанбе ва Тошкент ўртасида парвозларни тиклаш имкониятини муҳокама қилганди, кейин ушбу муддат 1 декабрга қолдирилди. Бироқ, ҳозирда янги муддат кўриб чиқилмоқда - 2021 йил 1 январь, дея хабар бермоқда «Азия-Плюс» ҳукуматдаги манбасига таянган ҳолда.

Икки давлатда ҳам коронавирус пандемияси сабабли юзага келган қийин эпидемиологик вазият расмийларга ушбу масала бўйича тезкор ва якуний қарор қабул қилиш имконини бермаяпти, деган манба.

Шу билан бирга, Тожикистон Фуқаро авиацияси агентлиги Тошкентга парвозларни тиклаш учун рухсат олди, аммо биринчи парвознинг аниқ санаси ва парвозлар жадвали номаълум.

«Ўзбекистонлик ҳамкасбларнинг тегишли қарори ҳам бор, аммо авиақатнов бошланишининг аниқ санаси ҳали номаълум. Парвозлар бошланишидан олдин барча жиҳатларни аниқлаб олиш керак: қайси авиакомпаниялар парвоз қилади, қандай жадвалда, пандемия билан боғлиқ масалалар», - дея таъкидлаб ўтган агентлик вакиллари. 

Шунингдек, яқин кунларда Тожикистон ва Ўзбекистон авиация маъмуриятларининг тегишли масалаларни муҳокама қилиш учун онлайн йиғилиши ташкил этилиши, унда биринчи парвоз санаси ва Душанбе-Тошкент-Душанбе йўналиши бўйича парвозлар жадвали тасдиқланиши ҳақида хабар берилди. 

Мавзуга оид