Ўзбекистон | 08:55 / 29.10.2020
4089
1 дақиқада ўқилади

Бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик жорий этилади

“Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Shutterstock

Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Кодекснинг 175-6-моддаси номи ва диспозицияси янги таҳрирда баён этилади. Унда бюджет сўровини, рўйхатдан ўтказиш учун харажатлар сметаларини ва штат жадвалларини, шунингдек молиявий ҳисоботни ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланади.

Шунингдек, кодекс 175-7-модда билан тўлдирилади. Унда бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик ҳақида сўз юритилади.

Қайд этилишича, бюджет жараёнининг шаффофлигини таъминлаш тартибини бузиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши мумкин.

Ушбу жарималар Ҳисоб палатаси томонидан қўлланилиши таклиф этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид