Жаҳон | 18:27 / 29.10.2020
8061
1 дақиқада ўқилади

Франциянинг Жиддадаги консулхонасига ҳужум қилган шахс ушланди

Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида Франция консулхонасига ҳужум қилмоқчи бўлган шахс ушланди. Al-Arabiyya нашрининг хабар беришича, у қўриқчилардан бирини жароҳатлаган.

Фото: AP

«Бугун эрталаб Жиддадаги Франция Бош консулхонасига пичоқ билан қуролланган шахс ҳужум қилди ва хусусий қўриқлаш агентлиги ходими жароҳатланди. Ҳуқуқбузар дарҳол Саудия хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинди», – дейилади расмий Париж баёнотида. Маълум қилинишича, консулхона қўриқчиси шифохонага етказилган, ҳозирда унинг аҳволи яхши.

Консулхонага ҳужум ҳақидаги хабар Франциянинг Ницце шаҳридаги Нотр-Дам черкови олдида қотиллик содир бўлиши билан келиб тушган. Шаҳар мэри ушбу ҳодисани террористик ҳаракат деб атаган ҳамда жиноятчи ушланганини маълум қилган.

Ҳаммаси Франция президенти Эммануэль Макроннинг ислом динини «дунё бўйлаб инқироз ҳолатида» дея таъкидлаши ва пайғамбар карикатураси чизилишини ҳимоя қилиб чиқиши ортидан бошланди.

Айни вақтда Яқин Шарқ мамлакатларида француз товарларига бойкот эълон қилинмоқда. Шунингдек, мусулмонлар ижтимоий тармоқларда Макроннинг сўзларига нисбатан тоқатсизлигини турли шаклларда изҳор қилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид