Жамият | 00:01 / 30.10.2020
4501
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдан борган масъуллар Сирдарёдаги сайёр қабулда 600 дан ортиқ масалага ечим топди

26–27 октябрь кунлари Сирдарё вилоятининг Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари ва Сирдарё туманида Президент администрацияси, Халқ қабулхоналари бошчилигида сайёр қабул ўтказилди.

Хабар қилинишича, сайёр қабул давомида бош прокурор ўринбосари томонидан 137 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 89 тасига шу ернинг ўзида ечим топилган. Хусусан, 3 та суд қарорига протест, 2 та судга даъво аризаси киритилган. 19 нафар мурожаатчининг 34,8 млн сўмлик иш ҳақи ундирилган. 5 нафар фуқарога ер участкалари ва 5 нафарига моддий ёрдам ажратилган. 7 нафар фуқаро ишга жойлаштирилган.

Олий суд раиси ўринбосарига қилинган мурожаатлар асосида 22 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилиниб, 7 нафарига нисбатан белгиланган жазо енгилроғига алмаштирилган. Яна 1 нафар шахсга тайинланган жазо қисқартирилиб, 7 нафар шахс маъмурий жавобгарликдан озод қилинган. Шунингдек, қабул давомида 22 нафар вояга етмаган фарзанди бор 12 та оила яраштирилган. 5 та иш бўйича 2 млрд 884 млн сўм ундириш тўғрисидаги даъволар қаноатлантирилган.

Ички ишлар вазирлигига қилинган 83та мурожаатдан 48таси шу ерда ҳал қилиб берилган. Хусусан, 8 нафар фуқаро ички ишлар органига ишга қабул қилиниб, фуқаролиги бўлмаган 35 нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти берилган.

Халқ таълими вазири ўринбосарига мурожаатлардан кейин эса 6 та мактабга 95 та компьютер жамланмаси ва бадиий адабиётлар етказиб берилган, 22 нафар мурожаатчи халқ таълими тизимига ишга қабул қилинган. Ховос тумани 4-сонли умумтаълим мактабига 15 та замонавий компьютер жамламаси ажратилган.

Қабул давомида Автомобиль йўллари кўмитасига 62та мурожаат келиб тушган ва уларнинг 29таси жойида ҳал этилган. Бунинг натижасида 19,9 км йўл таъмирланиб, қарийб 4,5 км тупроқ йўлларга тош-шағал ётқизилган. Ховос тумани «Янгиер» маҳалласида истиқомат қилувчи Бобоназар Худойназаровнинг мурожаати асосида маҳалланинг 1 км.дан зиёд чанг кўчалари тош йўлга айлантирилган. Ховос тумани «Оқчангал» маҳалласи аҳолисининг мурожаатларидан кейин эса 8-умумий ўрта таьлим мактабига олиб борадиган асосий йўлни асфальтлаш ишлари бошланган.

Электр энергияси таъминоти билан боғлиқ 49та мурожаатнинг эса 38 тасига шу ернинг ўзида ечим топилган. 27та трансформатор пунктида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, 64та эскирган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилиб, 1,2 км электр тармоғи тортилган.

Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари томонидан эса 77 та мурожаатнинг 49 тасига ечим топиб берилган. Натижада, 18 нафар фуқарога даволаниш учун ордер ва йўлланма, ўнлаб мурожаатчиларга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия буюмлари, дори-дармонлар ажратилган.

«Аввалги сайёр қабуллари давомида берилган мурожаатда Ховос чегараолди ҳудудида яшовчи аҳоли эскириб, бузилишга тушган «Шарқобод» қишлоқ врачлик пунктини сақлаб қолишда амалий ёрдам сўралган эди. Ушбу мурожаат жойига чиқиб ўрганилгандан сўнг, муассаса қайта таъмирланиб мутлақо янги кўринишга эга бўлди. Навбатдаги мурожаатлардан сўнг эса муассаса замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланди», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 8 та хонадонга 1,2 км оптик толали алоқа кабеллари тортилиб, интернет улаб берилган.

«Икки кун давомида ўтказилган оммавий қабулларда 1 минг 313 та мурожаат бўйича 1 минг 328 та масала кўриб чиқилди, 612 та мурожаат жойида ҳал қилинди, 416 та мурожаат эгасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 300 та мурожаат назоратга олинди», – дейилади расмий релизда.

Мавзуга оид