Жаҳон | 23:46 / 01.11.2020
12726
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи”ни 90 минг долларга сотган фирибгарлар қўлга олинди

Фото: Getty Images

Ҳиндистонда “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи”ни 7 млн рупийга сотишда ва “чироқдан жин чақиришда” гумон қилинган икки эркак қўлга олинди. Фирибгарларнинг яна бир шериги қидирувга берилган. 

The Guardian нашрининг хабар беришича, Уттар-Прадеш штатида яшовчи шифокор фирибгарлардан “сеҳрли чироқ”ни 7 млн рупийга (90 минг доллар) сотиб олган. У чироқ “ҳеч қандай сеҳрга эга эмаслигини” ва алдовга учраганини фаҳмлагач, полицияга мурожаат қилган. 

Жабрланувчининг таъкидлашича, у фирибгарлар билан “касал оналари”ни даволаш учун уйларига қатнаб юрганда танишиб қолган. Шифокор аёлни бир ойдан кўпроқ даволаб юрган. Шунда фирибгарлардан бири ўзида “афсунгарлик қобилиятлари борлигини” айтиб, гўёки “чироқдан жинни чиқарган”. Шифокор “чироқни ишқаб, жинни чақирмоқчи бўлганда” эса фирибгарлар бу хавфли бўлиши мумкинлигини айтиб, унга рад жавобини беришган.

Натижада ишонувчан шифокор чироқ унга соғлиқ, бойлик ва омад келтириши ҳақидаги ваъдаларга учиб, чироқни сотиб олган. Унинг таъкидлашича, кейинроқ у “жин” фирибгарлардан бири бўлганини фаҳмлаган.

Полицияда таъкидланишича, фирибгарлар шундай йўл билан бир неча оилани алдашган.

Мавзуга оид