Шуҳрат Ғаниев: Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон ЯИМнинг 28 фоизини ташкил этмоқда
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти Ўзбекистон экспорт тушумларининг 10 фоиздан ортиғини ҳосил қилмоқда. Бу ҳақда бош вазирнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Ғаниев маълум қилди.
У Тошкентда БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ташкилоти - ФАОнинг Европа минтақавий анжумани доирасида шу ҳақда сўз юритди.
«Дунёдаги қашшоқ аҳолининг 65 фоизи қишлоқ жойларда истиқомат қилади ва қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. 21-асрда ҳам озиқ-овқат етиштириш тизими билан боғлиқ масалалар қашшоқликка қарши кураш, уни қисқартиришнинг энг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Бундан ташқари, қишлоқ жойларда иш ўринларини яратиш ва ЯИМдаги улушини яратиш ҳам қишлоқ хўжалигини ривожланишига боғлиқдир», - деди ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича комплекси раҳбари Шуҳрат Ғаниев.
Жаҳон банки ҳисоб-китобларига кўра, қишлоқ хўжалигининг иқтисодий жиҳатдан ўсиши қашшоқлик даражасининг пасайишига бошқа ҳар қандай соҳага нисбатан 2,4 баравар кўпроқ ижобий таъсир кўрсатади.
«Ушбу анжуман кун тартибига қўйилган масалалар Ўзбекистон учун ҳам долзарб ҳисобланади. Аграр соҳаси мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон ЯИМнинг 28 фоизини ташкил этади. Бу соҳада меҳнатга лаёқатли аҳолининг 27 фоизи, ёки 3,6 млн кишидан ортиқ киши банд ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 10 фоизни ташкил этиб, мамлакат экспорт даромадида муҳим ўрин тутади», - деди Шуҳрат Ғаниев.
Эслатиб ўтамиз, БМТнинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ташкилоти - ФАОнинг Европа минтақавий анжумани илк бор Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтмоқда.
Мавзуга оид
13:41 / 02.10.2024
Деҳқоннинг “уйи куйди”: Кегейлида 14 гектар пишай деб турган шоли даласи бузиб ташланди
19:17 / 30.09.2024
Бунақада соҳада ким қолади? Янгибозор ҳокими мисолида деҳқонларга муносабат
15:43 / 28.09.2024
Биржада пахта нархи 11 минг сўмгача кўтарилди. Бу нимадан дарак?
12:38 / 27.09.2024