Тошкентда болани ўзбек тилидаги мактабларга ўқишга бериш улуши 55,5 фоизгача етди - ХТВ
Она тилидаги мактабда таълим олиш фанларни ўзлаштиришга ёрдам беришини инобатга олиб, пойтахтда ўзбек тилидаги мактабларга биринчи синфга ўқишга бериш улушини 55,5 фоизгача орттиришга эришилди.
Халқ таълими вазирлиги маълумотига кўра, бу 2018 йилдагидан 7,5 фоизга кўпроқ.
Халқаро тадқиқотларга кўра, ўз она тилидаги мактабда таълим олаётган ўқувчи фанларни ўзлаштириши осонроқ бўлади. Айниқса, бошланғич таълим даврида ўқувчиларнинг оилада гаплашадиган тилда мактабда ўқиши уй вазифаларини тайёрлашга ва фанларни ўзлаштиришни яхшилашга ёрдам беради.
«Баъзи ота-оналар ўзи рус тилини етарли даражада билмаса-да, фарзандини биринчи синфга русча мактабга беришга ҳаракат қилишлари натижасида, биринчидан, ўқувчининг ўзи қийналиши, иккинчидан эса ўқитувчи айнан ўзлаштиришда орқада қолаётган ўқувчига кўпроқ эътибор қаратишини инобатга олиб, бу рус тилидаги мактабларда бошқа ўқувчиларнинг ҳам ўзлаштиришига салбий таъсир этаётгани кузатилаётган эди.
Бунинг устига рус мактабларида бир синфдаги ўқувчилар сони меъёрдан (35тадан) ортиб кетиши ҳам ўзининг салбий оқибатларига эга эди. Айниқса юқори синфларга борганда бошқа предметларни (математика, физика, кимё ва ҳ.к.) рус тилида ўқитиш бўйича педагоглар етишмаслиги, рус мактабларидаги ўқувчиларнинг ушбу фанлар бўйича ўзлаштиришига жуда салбий таъсир этиши кузатилган», - дейилади ХТВ маълумотида.
Қайд этилишича, шунинг учун охирги икки йил давомида пойтахтда ўзбек тилида дарс бериладиган мактабларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш ва таълим сифатини ошириш бўйича ишлар, жумладан, ушбу мактабларда рус ва инглиз тилларини ўқитишни яхшилаш бўйича лойиҳалар натижасида 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар орасида ўзбек тилида таълим олиб бориладиган мактабларнинг улуши 55,5 фоизгача ортди. 2018 йилда бу кўрсаткич атиги 48 фоиз эди.
«Ўзбек тилидаги мактаблар нуфузини ошириш бўйича ишлар тизимли равишда давом эттирилади. Бу, ўз навбатида, рус тилида дарс бериладиган мактаблардаги таълим сифатини оширишга ҳам ёрдам беради», - дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024