Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, вояга етмаганлар орасида, афсуски, қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, безорилик, ўғрилик, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ёки сотиш билан боғлиқ оғир жиноятлар ҳам учраб туради.

Статистикага кўра, республикада вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2018 йилда 938 тани, 2019 йилда 739 тани, 2020 йилнинг биринчи ярмида 338 тани ташкил этган.

Хўш, вояга етмаганларнинг жиноят содир этишига нималар сабаб бўлмоқда?

Таҳлилларга кўра, қотиллик жиноятлари учун ҳукм қилинганлар кўп ҳолларда носоғлом муҳитда тарбия топган бўлиб чиқади. Уларнинг 20 фоизга яқини ота-онасиз, учдан бир қисми тўлиқсиз оилада (ота ёки онасиз) ўсган.

Ҳар бешинчи ҳолатда оиланинг тўлиқсизлиги ота ёки онанинг судлангани билан боғлиқ бўлмоқда. Ота ёки онанинг жиноят йўлига кириши боланинг ҳам шу йўлдан боришига туртки бўлувчи асосий омиллардан бири саналади.

Ўсмирлар жиноятчилиги кўпинча оиладаги муҳитга боғлиқ бўлади

Психолог Зебинисо Aҳмедова вояга етмаганларни жиноят қилишга ундайдиган омиллар ҳақида гапирар экан, улар орасида болага етказилган руҳий ва жисмоний жароҳатни алоҳида таъкидлайди.

«Вояга етмаганлар жиноятларининг аксарияти уларнинг ота-онадан ажралиб чиқиш жараёнида содир бўлади, яъни ўсмирларда мустақил қарор қабул қилиш жараёни бошланган даврда. Ўсмирнинг вояга етиш даври 9-12 ёш ва 12-16 ёшга бўлинади. Шу вақтда болада ўзига ишонч ва ҳурмат шакллантирилмаса, унинг орзулари ота-она томонидан қўллаб-қувватланмаса, у ўзини ҳеч нарсага қодир эмасдек ҳис қила бошлайди. Натижада бу бола дунёга нафрат билан улғайиши мумкин.

Агар оилада боланинг эҳтиёжлари ва ташвишлари билан ҳеч ким қизиқмаса, унга бепарво бўлиб, фикри эътиборга олинмаса ва унга нисбатан зўравонлик ишлатилса, у ўз шахсини бузғунчилик ва жиноят содир этиш орқали кўрсатишга ҳаракат қилади. Хуллас, болага руҳий ва тан жароҳати етказилса, у бошқаларга нисбатан шундай ҳаракат қилишдан қўрқмай қўяди.

Баъзан бир синфдан олийгоҳларга жуда камчилик ўқишга киради. Қолганларида эса жамиятга керак эканликлари тўғрисида шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Кейин улар мардикорлик ёки шунга ўхшаш майда ишларга ўзини уради. Бунинг олдини олиш учун ота-она фарзандини илм олишга рағбатлантириши, ўқиши учун зарур шароитни яратиб бериши керак.