Жаҳон | 09:32 / 03.11.2020
7452
3 дақиқада ўқилади

АҚШда президент сайловлари тақдири судда ҳал бўлиши мумкин

АҚШда республикачилар ва демократлар президент сайловлари натижалари бўйича судда баҳслашиш учун барча тайёргарлик чораларини кўриб қўйишди. 

Фото: brainerddispatch.com

Associated Press ахборот агентлигининг хабар беришича, иккала партияда президентни сайловлар орқали аниқлашнинг иложи бўлмайдиган ҳолат учун ҳуқуқшунослар жамоаси шай турибди. Президент лавозимига номзодлардан бири ишончли ғалабага эриша олмаса, овоз беришдан кейин судда тафтишлар бошланиши эҳтимоли мавжуд.

Бу борадаги баҳслар жорий йилда пандемия сабабли аксарият сайловчилар бевосита сайлов участкаларида эмас, балки почта орқали овоз бергани борасида юзага келиши мумкин. Бу борада ҳозирдаёқ баҳслар бормоқда. Жумладан, Пенсильвания штатида почта орқали берилган овозлар сайловларнинг асосий кунигача ҳисоб-китоб қилинмаслиги айтилаётган бўлса, бошқа штатларда эса бу жараён овоз беришнинг эртаси кунидан, яъни 4 ноябрдан бошланиши таъкидланмоқда.  

Шимолий Каролинада эса икки партия вакиллари орасида почта орқали берилган овозларни ҳисоблаш учун алоҳида кунлар ажратилиши кераклиги ёки йўқлиги борасида судда тортишув бормоқда. Демократлар алоҳида кунлар ажратилишини қўллаб-қувватлаётган бир пайтда, республикачилар бунга қарши чиқмоқда. Ҳозирча суд почта орқали берилган овозларни сайловларнинг асосий кунидан кейин 3 кун ичида ҳисоблаб чиқилишига рухсат берган. 

Президент сайловлари билан боғлиқ шикоятлар бўйича тортишувлар бошқа штатларда, жумладан Миннесотаа ва Невадада ҳам бормоқда. 

АҚШда сайловларнинг расмий куни – 3 ноябргача 94 млндан кўпроқ киши овоз бериб бўлди. Улардан 59 млндан кўпроғи ўз овозларини почта орқали жўнатган.  

Жорий президент сайловлари тақдири суд орқали ҳал этилиши АҚШ учун биринчиси бўлмайди. Бундай ҳолат 2000 йилдаги президент сайловларида республикачи Кичик Жорж Буш ва демократ Альберт Гор ўртасида юз берган. Ўшанда сайловлар учун ҳал этувчи штат - Флоридада берилган овозлар орасида фарқ кичик бўлган ва икки партия судга мурожаат қилган. Кўп сонли қайта ҳисоблашлардан кейин АҚШ олий суди 4 овозга қарши 5 овоз билан Бушни президент деб топган. 

Жорий йилда АҚШ президенти сайловларида амалдаги президент Дональд Трамп ва собиқ вице-президент Жо Байден кураш олиб бормоқда. 

Мавзуга оид