Жаҳон | 13:23 / 03.11.2020
25437
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонга кириш-чиқишда чеклов чоралари кучайтирилди

Қозоғистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссия томонидан мамлакат чегарасини кесиб ўтиш тартибини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

2 ноябрь куни Қозоғистон бош вазири Аскар Мамин раислигида ўтказилган коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссиянинг йиғилишида мамлакат чегарасини кесиб ўтиш тартиби муҳокама қилинди.

Фото: primeminister.kz

Йиғилиш сўнгида қабул қилинган қарорга кўра, қуйидаги шахслар учун давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибига ўзгартишлар киритилди:

  • Қозоғистон Республикасида доимий яшаш учун рухсатнома олган чет элликлар ва уларнинг оила аъзолари;
  • Қозоғистон Республикаси фуқароларининг оила аъзолари ҳисобланган чет элликлар.

Янги тартибга мувофиқ, рўйхатда кўрсатилган шахслар Қозоғистон Республикаси давлат чегарасини 90 кун ичида бир мартадан ортиқ кесиб ўтишлари мумкин эмас. Қозоғистон ҳукумати дунёнинг 57та мамлакати билан визасиз режимни 2021 йил 1 майга қадар бекор қилди. Хитой ва Ҳиндистондан Қозоғистон орқали бошқа манзилга етиб боришни кўзлаган йўловчиларнинг 72 соат мамлакатда визасиз бўлиш режими 2021 йил 1 январгача бекор қилинди.

Шу йилнинг 9 ноябридан бошлаб, Туркия билан ҳаво транспорти орқали йўловчи ташиш 33тадан 20тагача камайтирилади.

Маълумот учун, Қозоғистон ҳудудида коронавирус тарқалиши тез ўсиб боряпти. Ўтган ойнинг 5-18 санасида 1272та янги ҳолат аниқланган бўлса, 19 октябрдан 1 ноябрга қадар 3352та, 2 ноябрда эса 442та вирусга чалиниш ҳолати аниқланган. Мамлакат бўйлаб ташкил этилган юқумли касалликлар шифохоналаридаги ўринларнинг 22 фоизи айни пайтда банд қилинган. Шунингдек, махсус тайёрланган реанимацион жойларнинг 18 фоизида беморлар даволанмоқда.  

Мавзуга оид