Жаҳон | 20:15 / 03.11.2020
5860
2 дақиқада ўқилади

Шри-Ланкада 100дан кўпроқ кит қутқариб қолинди

Шри-Ланка ҳарбий-денгиз кучлари денгизчилари ва маҳаллий аҳоли Панадура шаҳри яқинидаги орол соҳилига ўзини отган 120га яқин китни қутқариб қолди.

Фото: EPA-EFE/CHAMILA KARUNARATHNE

Дастлаб ҳарбийлар томонидан олиб борилган қутқарув операциясига ўнлаб маҳаллий фуқаролар ҳам қўшилган. Мамлакатда коронавирус сабабли тунги пайт амал қилаётган комендантлик соатига қарамай, одамлар гуруҳларга бирлашиб, китларни океанга етказишган. 

“Бу денгиз жонзотларини қутқариш операцияси туни билан давом этди. Биз 120тагача китга ёрдам бера олдик. Афсуски, улардан 3таси нобуд бўлди”, деб маълум қилган капитан Индика де Сильва.

Дунёнинг турли бурчакларида ҳар йил 2 мингдан кўпроқ кит ва китсимонларга мансуб денгиз жонзотлари ўзини соҳилга отади. Соҳилга чиқиб қолган китларнинг аксарияти сувсизланиш ёки ўз вазни остида танаси эзилиши оқибатида нобуд бўлади. Жумладан, жорий йилнинг сентябрида шундай аянчли воқеалардан бири Австралияда юз берди. Бу ерда рекорд сонда - бир неча юзлаб китлар нобуд бўлди. 

Китларнинг ўзини бундай тутиши сабаби ҳамон фан учун катта жумбоқ саналади. Олимларда бу борада бир неча тахминлар бор. Улардан баъзиларининг фикрича, китларни ўзини соҳилга отишга океаннинг турли шовқинлар (жумладан, сонарлар шовқинлари) билан ифлослангани мажбур қилади. Бунинг натижасида уларнинг эшитиш ва эхолокация органлари шикастланади. Бошқа тахминларга кўра, улар йиртқич денгиз жонзотлари, мисол учун, косаткалар ҳужумига учраганда саросимага тушиши ёки катта ёши туфайли жисмонан нимжонлиги сабабли шундай йўл тутадилар. Тишли китлар орасида бундай ҳодисалар юз бериши ушбу жонзотлар орасида кучли ижтимоий жипслик борлиги билан тушунтирилади: агар ушбу турдаги китлардан бирортаси қандайдир сабабга кўра ўзини соҳилга отса, унда тўдадаги қолган китлар ҳам худди шундай йўл тутади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид