Жамият | 09:23 / 03.11.2020
9719
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 14 нафар қиморбоз ушланди

2020 йилнинг 26 октябрь кунидан 27 октябрь кунига ўтар кечаси 30 ёшли Ж.П. Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани, Ҳамид Олимжон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг биридаги хонадонни ижарага олиб, ушбу хонадонда қимор ўйинларини ташкил қилгани аниқланган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у фуқаролар, 33 ёшли Ш.Н., 27 ёшли Т.А., 21 ёшли Ш.Н., 29 ёшли Й.Ё., 36 ёшли Х.А., 41 ёшли Ш.М., 44 ёшли И.М., 26 ёшли М.Н., 30 ёшли М.Н., 32 ёшли А.Ғ., 30 ёшли Ш.И., 28 ёшли Л.А., 25 ёшли Д.Р.га қимор таваккалчиликка асосланган картадан «сувара» ўйинини ўйнашига шароит яратиб берган. 

Қайд этилишича, Ж.П. ҳар бир ўйинда ғалаба қозонган шахслардан 5 000 сўмдан 10 000 сўмгача бўлган миқдордаги пул маблағларини олиб, моддий бойлик орттирган.  

Терговга қадар текширув жараёнида, 30 ёшли Ж.П.дан 780 000 сўм ва 200 АҚШ доллари миқдоридаги нақд пуллар, 6 дона очилмаган карта ҳамда 2 дона очилган карта ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ж.П.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.      
  
2020 йил 28 октябрь куни қимор ўйинларида иштирок этган шахсларнинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлганлиги учун тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Маъмурий ишлар бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан уларнинг ҳар бирига нисбатан 5 суткадан қамоқ жазоси берилган.   

Дастлабки тергов жараёнида, Ж.П. жиноят иши бўйича Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ҳамда унга нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади маълумотда. 

Мавзуга оид