Жаҳон | 22:00 / 03.11.2020
12690
8 дақиқада ўқилади

Вена марказидаги ҳужум: ўлдирилган террорчи муддатидан олдин қамоқдан чиқариб юборилган

Австрия полицияси 2 ноябрь куни кечқурун Вена марказида ресторанлар мижозлари ва ўткинчиларга уюштирилган қуролли ҳужумга алоқадорларни қидиришда давом этмоқда. Шаҳарда душанба куни кечқурун рўй берган отишма вақтида 4 киши ҳалок бўлиб, 17 киши жароҳатланган, улардан 7 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Фото: Getty Images

Австрияда полиция махсус амалиёт ўтказиб, ҳодисага алоқадорликда гумон қилинганларни қўлга олиш ва тинтув ишлари олиб борилмоқда. Полиция гувоҳлар томонидан мобил телефонларга ёзиб олинган 20дан ортиқ видеоёзувни ўрганмоқда.

Отишма вақтида бир киши полиция томонидан отиб ўлдирилган, яна бир киши ҳибсга олинган.

Австрия канцлери Себастьян Курц рўй берган ҳодисани «манфур террорчилик ҳужуми» деб атаган, мамлакат ички ишлар вазири Карл Нехаммер ота-оналардан сешанба куни фарзандларини мактабга олиб бормасликни сўраган.

Сўнгги йиллардаги илк теракт коронавирус туфайли локдаун жорий этилган кунларга тўғри келди: 3 ноябрдан барлар ва ресторанлар ёпилган, мамлакатда кечки соат 20:00дан эрталабки соат 6:00га қадар комендантлик соати амал қилади.

Нима бўлди?

Отишма ҳақидаги илк хабарлар маҳаллий вақт билан соат 8да пайдо бўлди - гувоҳлар Шведенплатц майдонидаги синагог яқинида ўқ овозларини эшитишгани ҳақида айтишди. Вена полицияси кўп ўтмасдан шаҳарнинг олти нуқтасида милтиқ билан қуролланган жиноятчилар ҳаракатлангани ҳақида маълум қилди, жиноятчиларнинг бири ўлдирилгани (ҳужумда иштирок этгани гумонланган шахс полиция томонидан отиб ўлдирилган), шунингдек, бир неча киши, жумладан, бир полициячи жароҳатлангани тасдиқланди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеороликларда одамлар қочиб бораётгани, ўқ овозлари янграётганини кўриш мумкин.

«Биз худди петардалар портлашини эслатадиган овозларни эшитдик. Шундай овоздан 20 ёки 30 марта бўлди, биз бу отишма эканини англадик. Ресторанимиз жойлашган кўчада полициячиларни кўрдик. Тез ёрдам машиналари ҳам тўплана бошлади. Қурбонлар бор эди. Афсуски, шу кўчада бир жасад ётарди», дейди ресторанга ҳужум вақтида шу жойда бўлган гувоҳлардан бири Крис.

Бошқа гувоҳлар ҳам винтовкалар билан қуролланган шахслар шаҳар бўйлаб ҳаракатланиб, бар ва ресторанлар мижозларига, шунингдек, ўткинчи йўловчиларга қарата ўқ узгани ҳақида айтиб беришган.

Қидирув ишлари
Айни вақтда Австрия пойтахтида кенг кўламли аксилтеррор амалиёт ўтказилмоқда. Шаҳар марказида блокпостлар ўрнатилган, полиция аҳолини жамоат жойларидан кетишга ва шаҳар жамоат транспортидан фойдаланмасликка чақирмоқда.

Полиция ҳодиса гувоҳларидан видео ва фотосуратларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирмасликни сўраб, бу амалиёт ўтказилишига халал бериши ва тинч аҳолига зарар етказиши мумкинлигини билдирмоқда.

Австрия ички ишлар вазири Карл Нехаммер ҳодисани теракт деб атаган ва ҳужум қилганлардан бири ўлдирилгани, яна бир жиноятчи қидирилаётганини маълум қилган.

Вазир жиноятчилар яхши қуроллангани ва жуда хавфли экани, қурбонлар сони ўсиши мумкинлигини айтиб ўтган. Нехаммер ҳукумат давлат чегарасида назоратни кучайтирганини таъкидлаган.

Нехаммер ўлдирилган жиноятчининг кийимида ИШИД террорчилик гуруҳи рамзлари бўлганини қўшимча қилган.

«Бу террорчилик ҳужуми. Худога шукрки, Австрияда бундай ҳолатлар деярли рўй бермайди. Биз ҳужум қилувчилар бир неча киши бўлганини тахмин қилмоқдамиз. Бахтга қарши бир неча киши жароҳатланиб, бир неча киши ҳалок бўлди. Биз террорчини қидириш учун бир неча бўлинмаларни бирлаштирдик. Мен амалиётни Вена билангина чегараламайман, чунки жиноятчилар шаҳардан чиқиб кетган бўлиши ҳам мумкин», деган вазир ва аҳолидан махсус фармойиш бўлмагунча уйдан чиқмасликни сўраган.

Жароҳатланганлар ва қурбонлар

Ҳужум умуммиллий локдаун бошланиши арафасида амалга оширилгани учун шаҳар кўчаларида одам кўп бўлган - одамлар яна бир бор ресторанга ёки кинога бориш, кўчада сайр қилиш имкониятидан фойдаланиб қолмоқчи эди.

Вена тез ёрдам хизмати шифохоналарга 17 киши олиб борилгани, улардан 7 нафарининг ҳаёти хавф остида эканини маълум қилган.

Отишма вақтида ресторанда официантлик қилган аёл ҳалок бўлган. Оғир жароҳатланган яна ёш йигит шифохонада жон берган. Сешанба тонгида шифохонада яна икки киши - бир эркак ва бир аёл оламдан ўтгани маълум қилинди. Шунингдек, бир полициячи ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди, бу маълумот тасдиқланмади.

Ҳужум қилганлар ким эди?
Австрия ички ишлар вазири Карл Нехаммер Венадаги террорчилик ҳужумини ИШИД террорчилик гуруҳи тарафдори содир этганини маълум қилди.

Жиноятчи винтовка (сойли милтиқ) ва тўппончалар билан қуролланиб, белига сохта «худкуш камари»ни боғлаб олган. 

Полиция томонидан ўлдирилган шахс 20 ёшли Фейзулай Куйтим бўлган, у муқаддам Сурияга кетиб ИШИДга қўшилишга урингани учун судланган. 2019 йил апрелида 22 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Унда Шимолий Македония фуқаролиги ҳам бўлган.

2019 йилнинг декабрида у муддатидан олдин озодликка чиқарилган.

Ҳужум вақтида илк ўқ товушлари Вена марказидаги синагог атрофида янграган. Яҳудийлар жамоаси етакчиси Оскар Дойч твиттердаги саҳифасида террорчининг нишони Венадаги синагог ва унга келувчилар бўлгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмаганини айтиб ўтган. Унинг қўшимча қилишича, карантин туфайли бу вақтда синагог ва атрофдаги бошқа офислар ёпиқ эди.

Сўнгги маълумотларга кўра ҳодисага алоқадорликда гумон қилиниб 14 киши қўлга олинган. Уларнинг радикал гуруҳларга алоқадорлиги текширилмоқда.

«Манфур теракт»
«Биз республикамизнинг энг қийин даврларини яшамоқдамиз. Махсус хизматлар ходимларига ҳаётларини хавф остига қўйиб ишлашаётгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман. Бизнинг полиция бу манфур террорчилик ҳужумини уюштирганларга қарши тегишли чораларни кўради», дея ёзди Австрия канцлери Себастьян Курц твиттердаги саҳифасида.

У бу христианлар ва мусулмонлар ўртасидаги ёки австрияликлар ва мигрантлар ўртасидаги можаро эмаслиги, бу цивилизация ва варварлик ўртасидаги тўқнашув эканини қўшимча қилган.

Венадаги ҳодиса кўплаб сиёсатчилар томонидан қоралаб чиқилди. Еврокенгаш раиси Шарль Мишель буни ҳаётга хавф соладиган ва инсоний қадриятларнинг аҳамиятини пасайтирадиган қўрқоқлик деб баҳолади.

Франция президенти Эммануэль Макрон унинг мамлакати австрияликлар қайғусига шерик эканини таъкидлади: «Бу бизнинг Европа. Бизнинг душманларимиз ким билан тўқнаш келишини билиши керак. Биз таслим бўлмаймиз».

Нидерландия бош вазири Марк Рютте ҳодисани даҳшатли ҳаракат деб атади ва ҳамдардлик билдирди. Германия ҳукумати махсус баёнот бериб, нафратга берилмаслик зарурлигини таъкидлади.

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Венадаги терактни қоралади. «АҚШ Австрия, Франция ва бутун Европани терроризмга қарши курашда қўллаб-қувватлайди. Беайб инсонларга бундай ҳужумлар қилинишини тўхтатиш зарур», деди у твиттердаги саҳифасида.

АҚШ президентлигига номзод Жо Байден ҳодисани қўрқинчли террорчилик ҳужуми деб атади. «Биз барчамиз нафрат ва зўравонликка қарши чиқишимиз керак», деди у.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Роберт О'Брайан Америка халқи Вена халқи учун дуода эканини айтиб ўтди. «Бундай нафрат ва зўравонликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Биз Австрия, Франция ва бутун Европани терроризмга қарши курашда қўллаб-қувватлаймиз», - дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид