Жаҳон | 21:45 / 04.11.2020
6000
2 дақиқада ўқилади

АҚШда бир ой аввал вафот этган сиёсатчи маҳаллий сайловлар ғолиби бўлди

Республикачилар партиясининг марҳум вакили, бир ой аввал коронавирусдан вафот этган сиёсатчи Дэвид Андал Шимолий Дакота штати қонун чиқарувчи кенгашига сайловларда ғолиб бўлди. 

Фото: Дмитрий Паршин / РИА Новости

The Independent нашрининг хабар беришича, 55 ёшли сиёсатчи октябрь бошида коронавирус инфекцияси билан шифохонага ётқизилган. У шифохонада 4 кун ўтказгач, 5 октябрда вафот этган.

Бироқ штатда марҳум сиёсатчининг ўлимидан бир неча ҳафта олдин муддатдан олдин овоз бериш бошланган эди. Натижада Андал ўзининг партиядоши Дейв Нэринг билан сайловларда ғолиб бўлган ва маҳаллий округдан қонун чиқарувчи кенгашга сайланган.

“У ўз округини яхши кўрарди ва унинг ҳолатини яхшилашни истарди”, деб айтган марҳум сиёсатчининг онаси Пэт Андал.

Эндиликда Республикачилар партияси Андалнинг ўрнига бошқа бир сиёсатчини топишига тўғри келади. Шу билан бирга, марҳум сиёсатчи эгаллаши керак бўлган ўрин учун штатда навбатдан ташқари сайловлар ўтказилиши ҳам мумкин.

3 ноябрда АҚШда умумий сайловлар бўлиб ўтди. АҚШ аҳолиси президент ва вице-президент, 35 сенатор, вакиллар палатасининг барча аъзолари, 13 губернатор ва маҳаллий ҳокимият идоралари вакиллари учун овоз берган. 

Мавзуга оид