Жаҳон | 09:08 / 04.11.2020
8697
2 дақиқада ўқилади

АҚШдаги сайловларга рекорд миқдорда маблағ сарфланди

Фото: East News

АҚШда 2020 йилги президент сайловлари АҚШ тарихидаги энг қимматбаҳо сайловларга айланди. Баҳолашларга кўра, республикачилар ва демократлар жорий сайловлар учун 14 млрд доллардан кўпроқ маблағ сарфлашган. Бу кўрсаткич 2016 йилдаги сайловларга нисбатан 2 марта, 2008 йилдаги нисбатан 3 марта кўпроқни ташкил қилади.

Федерал сайлов комиссияси раҳбари Эллен Вайнтраубнинг таъкидлашича, бу суммага президент лавозимига илгари сурилган барча номзодлар сарфлаган маблағлар киради. 

Комиссия маълумотларига кўра, Оқ уй раҳбари лавозимига номзодлар 3,7 млрд доллар миқдорида рекорд маблағ йиға олишган ва ундан 3,5 млрд долларини сарфлашган.

29 октябрь ҳолатига кўра, демократлар номзоди Жо Байден 952 млн доллар, республикачилар номзоди - амалдаги президент Дональд Трамп эса 601 млн доллар жалб қила олган. Таққослаш учун шуни айтиш мумкинки, 2016 йилги президент сайловларида демократлар номзоди бўлган Хиллари Клинтон 586 млн долларгина йиға олганди.

Жорий сайлов кампаниясида барча номзодлар учун кичик хайриялар муҳим аҳамият касб этган. АҚШда жисмоний шахс президент лавозимига номзод қўллаб-қувватловига юбора оладиган максимал сумма 2800 долларни ташкил қилади. Номзодларга хорижий манбалардан маблағлар олиш тақиқланган. Сайловолди кампанияси вақтида барча номзодлар йиғган 3,7 млрд доллардан учдан бир қисмини 200 долларгача қийматдаги хайриялар ташкил қилган. 

“Бу ҳақиқатан ноодатий ҳолатдир: шунчалик кўп одам унга ўз номзоди ёққани ёки бошқа номзод ёқмагани сабабли кичик суммалар хайрия қилган ва буни аксарият ҳолатларда бир неча марта амалга оширган”, деб таъкидлаб ўтган Федерал сайлов комиссияси раҳбари.

Мавзуга оид