Жаҳон | 23:27 / 04.11.2020
57616
2 дақиқада ўқилади

Байденда рекорд. У АҚШ президентлик сайловлари тарихида 70 миллионта овоз тўплаган илк номзод бўлди

АҚШ президентлигига демократлардан номзод қилиб кўрсатилган собиқ вице-президент Жо Байден АҚШдаги сайловларда тўпланган овозлар сони бўйича рекорд ўрнатди. Айни дамгача Байденни қўллаб 70 миллион, 25 минг 710 киши овоз берган.

Фото: REUTERS

Шу вақтгача АҚШ президентлик сайловларида энг кўп овоз олган номзод Барак Обама эди. Демократлар вакили Обамага 2008 йил 69 миллион 498 минг 516 киши овоз берган. Байден АҚШ президентлик сайловлари тарихида 70 миллионта овоз олган илк номзод бўлди.

Байден ҳали барча бюллетенлар ҳисоблаб бўлинмай бунчалик кўп овоз олганига сабаб сифатида сайлов жараёнининг почта орқали амалга оширилгани айтилмоқда. Чунки бу йил сайловларда рекорд миқдорда кўп сайловчилар қатнашмоқда. Бу йил 160 миллион америкалик овоз бериш жараёнида қатнашган ва бу барча сайловчиларнинг 66,9 фоизи дегани. Фоиз бўйича энг юқори кўрсаткич эса 1900 йилда қайд этилган (73,7 фоиз). Бу йил 13 фоиз сайловчилар илк марта президентлик сайловларида овоз берган.

Айни дамда Жо Байден 238 нафар вакилнинг овозини қўлга киритиб, сайловда етакчилик қилмоқда. Трампга ҳозирча 213 вакил овоз берган. Умумий овозлар сони бўйича Байден Трампни деярли 2,7 миллионта овозга ортда қолдирмоқда. Висконсин, Невада ва Мичиганда ҳам Байден ғалаба қозониши кутилмоқда. Бу уч штат Байденга керакли 270 та овозни тўплашга ёрдам бериши мумкин.

Мавзуга оид