Жаҳон | 15:34 / 04.11.2020
7323
2 дақиқада ўқилади

Италияда фавқулодда ҳолат жорий этилди

Охирги бир неча кундан буён Италияда кунига 30 мингга яқин COVID-19 ҳолатлари аниқланмоқда, шунингдек, рекорд даражада коронавирусдан ўлим кўрсаткичи қайд этилмоқда.

Фото: AFP

Италия бош вазири Жузеппе Конте коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилиши тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Италия оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Маълумот берилишича, фавқулодда ҳолат доирасида бутун мамлакатда соат 22:00дан 5:00гача комендантлик соати киритилади.

Контенинг қайд этишича, янги чораларга мувофиқ, дам олиш кунлари савдо марказлари, музей ва галереялар иш фаолиятини тўлиқ тўхтатади.

Бундан ташқари, юқори ва ўрта таълим мактабларида машғулотлар масофадан ўтказилади.

Мамлакатдаги районлар эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб қизил, сариқ ва яшил ҳудудларга ажратилади. 

Қизил ҳудудларда чакана савдо дўконлари, барлар, ресторанлар ишламайди, ҳаракатланиш чекланади. Бу ҳудудлар аҳолисига фақат зарур ҳолларда ёки тиббий мақсадларда уйларини тарк этишга рухсат берилади. 

Янги чоралар 3 декабргача амал қилади.

Охирги бир неча кундан буён Италияда кунига 30 мингга яқин COVID-19 ҳолатлари аниқланмоқда, шунингдек, рекорд даражада коронавирусдан ўлим кўрсаткичи қайд этилмоқда.

Мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 759,8 мингдан ошган, 39 мингдан ортиқ бемор вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид