Жаҳон | 23:18 / 05.11.2020
7680
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг бадавлат одамлари бир кун ичида яна 34 миллиард долларга бойиди

Дунёнинг энг бадавлат 10 одамининг умумий бойлиги АҚШда 3 ноябрда ўтган президент сайловларидан кейинги илк кун ичида 34,4 млрд долларга кўпайди.      

Жефф Безос Фото: Getty Images

Forbes Real-Time рейтинги маълумотларига кўра, 4 ноябрда дунёнинг энг бой одами, Amazon асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги 10,5 млрд долларга ортиб, 190,6 млрд долларга етган.  

Рейтингнинг 4-ўрнида турган Марк Цукербергнинг бойлиги эса 8 млрд долларга ортиб, 105,5 млрд долларни ташкил қилган. 

Ҳиндистоннинг Reliance Industries холдинги эгаси Мукеш Амбанининг (10-ўрин) бойлиги 4,1 млрд долларга кўпайиб, умумий ҳисобда 74,2 млрд долларга етган.    

Шунингдек, Google асосчилари Ларри Пейж ва Сергей Бриннинг бойлиги мос равишда 4 млрд ва 3,8 млрд долларга, Louis Vuitton ва Dior эгаси Бернар Арноники 3,6 млрд долларга ва Microsoft асосчиси Билл Гейтсники 668 млн долларга кўпайган.

Етакчи ўнталикка кирувчи 3 миллиардергина ўз бойлигини кўпайтира олмаган: Tesla ва SpaceX компаниялари асосчиси Илон Маск 547 млн доллар, сармоячи Уоррен Баффет 291 млн доллар, Oracle компанияси асосчиси Ларри Эллисон эса 379 млн доллар йўқотган.

АҚШ фонд биржаси сайловларнинг эртаси куни ишончли ўсишни намойиш қилди. 4 ноябрдаги савдолар натижаларига кўра, АҚШ биржалари 1-3,8 фоизлик ўсиш билан ёпилган. Асосий ўсишни технологик компаниялар намойиш қилган: савдолар вақтида Amazon акциялари 6,32 фоизга, Facebook акциялари 8,32 фоизга, Alphabet акциялари эса 6,09 фоизга қимматлаган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид