Ўзбекистон | 19:30 / 05.11.2020
5006
3 дақиқада ўқилади

ОКМКда экспорт режалари бажарилмоқда

Пандемия шароитида Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбариятининг оқилона бошқаруви боис 2020 йилнинг январь-октябрь ҳолатига барча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари юксалиши баробарида, маҳсулотлар экспорти режалари бажарилмоқда.

Жумладан, ўтган даврда 86410 тонна мис маҳсулотлари экспорти амалга оширилган.

Комбинатнинг асосий маҳсулоти саналган мис катодининг харидорлари: Хитой ва Туркияга 81041 тонна мис катоди жўнатилган. 

Шунингдек, йилдан йилга истеъмолчилар эътирофини қозонаётган мис қувурларига ҳам талаб ортиб бормоқда. Ушбу маҳсулотлар асосий харидорлари Туркия, Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Болгария, Озарбойжон, Қирғизистон ва Украина давлатлари ҳисобланади. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида хорижлик харидорларга 3330 тонна мис қувурлари экспорт қилиниб, режа 117,7%га бажарилди.

Яна бир экспорт маҳсулоти саналган сульфат кислотасининг асосий харидори бўлган қўшни Қозоғистон давлатига ўтган даврда 39165 тонна сульфат кислотаси етказиб берилди ва режа 130,5%га уддаланди.

Шунингдек, қўшниларимизга 79375 тонна қўрғошин маҳсулотлари юборилган бўлиб, режавий вазифа 128,6%га бажарилган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг қўлланилувчи мис купоросининг асосий харидорлари бўлган Польша, Украина, Беларус, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Индонезия давлатларига ўтган даврда 5601 тонна мис купороси экспорти амалга оширилиб, режа 116,7%га бажарилди.

Молибден металлининг асосий харидори бўлган Нидерландияга ушбу маҳсулотдан 550 тонна етказиб берилди ва режавий вазифа 109,9%га бажарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Аввал ҳам таъкидланганидек, комбинат мутахассислари томонидан ноёб ва нодир металларни олиш бўйича олиб борилаётган изланишлар ўзининг юксак самарасини бермоқда. Натижада комбинат томонидан ноёб металлар ҳам экспорт қилинмоқда. 2020 йил январь-октябрь ҳолатига рений металлининг экспорт режаси 401,6%га, теллур экспорти 176,7%га, селен экспорти 320%га бажарилган.

Комбинат томонидан ишлаб чиқарилаётган портландцементнинг асосий харидорлари қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари ҳисобланиб, ўтган даврда ушбу давлатларга 7523 тонна портландцемент экспорт қилинган. 

Цемент маҳсулоти, асосан, Афғонистонга экспорт қилиниб, ўтган даврда бу давлатга 141805 тонна цемент етказиб берилишига эришилди.

Ўтган 10 ой давомида ОКМК томонидан хорижий харидорларга жами 655 595 000 АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.

 ОКМК Матбуот хизмати

Мавзуга оид