Жаҳон | 00:10 / 05.11.2020
9596
2 дақиқада ўқилади

Трамп штаби Висконсинда овозлар қайта ҳисобланишини талаб қилди

АҚШ президенти Дональд Трампнинг сайлов штаби президент сайловларида ғалаба қозониш учун муҳим штатлардан бири ҳисобланган Висконсинда овозлар қайта ҳисобланишини талаб қилмоқда. Ушбу штатда айни вақтда Трампнинг рақиби Жо Байден 49,6 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда. 

Трампга эса ушбу штатда 49 фоиз овоз берилган. Бироқ Байденнинг ушбу штатда ғалаба қозонгани ҳали эълон қилинмаган. 

“Президент Трамп  овозлар қайта ҳисобланиши учун етарлича асосни кўрмоқда ва биз дарҳол буни амалга оширамиз”, деб маълум қилган Трамп штаби твиттерда.

Аввалроқ таҳлилчилар Висконсин (10 сайловчи) ва Мичиган (16 сайловчи) штатларида ғалабани Трампга беришаётган эди. Бироқ охирги соатларда вазият Байден фойдасига тубдан ўзгарди: энди бу штатларда у етакчилик қилмоқда. Трамп Висконсиндаги мағлубият, бироқ Мичигандаги ғалаба билан ҳам умумий ғалаба учун зарур бўлган 270 овозни қўлга киритиши мумкин эди. Аммо ҳозирги вазиятда у зарур овозларни тўплай олмаяпти.  

Трампнинг ўзи эса юқоридаги штатларда рақиби позициясининг кескин мустаҳкамланганини шубҳали деб атаган. У демократларни бирданига бир неча штатда овозларни сохталаштиришга уринишда айбламоқда. Амалдаги президентнинг фикрича, уни Пенсильваниядаги ғалабадан ҳам маҳрум қилишмоқчи.

“Улар Байден учун барча ерда: Пенсильвания, Висконсин, Мичиганда овозлар топишга ҳаракат қилишмоқда. Бу давлатимиз учун ёмон ҳолатдир. Улар Пенсильваниядаги 500 минг овозга тенг устунликни ҳам бор кучлари билан йўққа чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Худди Мичиган ва бошқа ерлардаги каби!”, деб ёзган Трамп твиттерда.

Мавзуга оид