Иқтисодиёт | 11:15 / 06.11.2020
4697
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон икки томонлама товар айланмаси ҳажмини 1 млрд долларга етказмоқчи

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев билан учрашуви бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг кун тартибини, илгари эришилган келишувларни амалга оширишни ҳамда савдо, инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт соҳасидаги ўзбек-қирғиз шериклигини кенгайтириш истиқболларини, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ўзаро алоқаларни муҳокама қилди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида саноат кооперацияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, келишиш ҳамда уни амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.

Ҳукуматлараро комиссия ишини ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегараолди вилоятлари маъмурият раҳбарлари кенгаши фаолиятини кучайтириш тўғрисида келишиб олинди.

Икки томонлама йиллик товар айланмаси ҳажмини яқин йилларда 1 млрд долларга етказиш мақсадида савдо тўсиқларини бартараф этиш бўйича ўзаро самарадор ҳамкорликка тайёрлик қайд этилди.

Мулоқот давомида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳам таъкидланди, бунинг учун ҳар икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари таркибида махсус ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди. Ишчи гуруҳнинг диққат марказида юклар ташиш ҳажмини янада ошириш, минтақавий транспорт йўлакларидан фойдаланиш самарадорлигини кучайтириш бўйича аниқ таклифларни, шунингдек, транспорт секторидаги долзарб масалаларни ишлаб чиқиш, қўшма логистика марказларини яратиш ҳамда автомобиль ва темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўлади.

Мавзуга оид