Ўзбекистон | 11:15 / 07.11.2020
19353
3 дақиқада ўқилади

Бош прокурор солиқ ва қурилиш соҳасидаги коррупцион жиноятлар ҳақида маълумот берди

7 ноябрь куни Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раислигида коррупция ҳолатлари кузатилаётган соҳалар ҳамда вазирлик ва идораларда бунинг сабаб ва шарт-шароитларига бағишланган идоралараро йиғилиши бошланди.

Йиғилишда нутқ қилган бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга кўра, икки йилда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганлиги учун 31 нафар солиқ ходимлари ҳам жиноий жавобгарликка тортилган. Масалан, Данғара тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Т. пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ тузган. Уюшган гуруҳ бошқа фуқаролар номига 22та сохта фирмаларни очиб, уларга норасмий раҳбарлик қилиб келган.

«Ушбу фирмаларда 268 миллиард сўмлик ноқонуний пул айланмалари амалга оширилиб, 19 миллиард сўм солиқ тўловидан қочишга эришилган, шунингдек жиноий йўл билан топилган 200 миллион сўм легаллаштирилган. Ҳозирда Т. ва унинг 14 нафар жиноий шериклари судда  жавоб бермоқда», — деди бош прокурор.

Таъкидланишича, қурилиш соҳаси коррупциялашган соҳалардан бири бўлиб қолаётганлиги оқибатида сўнгги икки йилда 1 минг 233 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик - коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида коррупция кўплаб кузатилмоқда.

«Мисол учун, Навбаҳор туман ҳокимининг биринчи ўринбосари

Х. «Конимех балиқчи» жамияти раҳбари А.дан балиқчилик ҳавзасига коллектор қазилишига рухсат бериши эвазига 11 минг доллар олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган», — дея қўшимча қилди Йўлдошев.

Ниғматилла Йўлдошевнинг билдиришича, бюджетдан молиялаштириладиган қурилиш ишлари учун пудратчиларни таниш - билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш каби коррупциявий амалиёт кузатилмоқда.

«Сувоқова» корхонаси Қашқадарё вилояти бошқармаси мутахассиси Н. «Диёрбек Учқун» корхонаси раҳбари Б.га танишлари орқали қурилиш объекти олиб бериш эвазига 14 минг доллар беришни талаб қилиб, 9 минг доллар олганда қўлга олинган», — деди у.

Қурилиш тизимида ҳам суиистеъмолчиликлар кузатилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Мисол учун, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. ва Чилонзор туман ҳокимияти бўлими бошлиғи Ш. «Max Saodat» жамиятига кўп қаватли уй-жой қуриш учун Чилонзор туманидан 1 гектар ер ажратиш эвазига 1 млн. 400 минг доллар талаб қилиб, 50 минг долларни олган вақтда ушланган.

Бош прокурорнинг танқидий руҳда тайёрлаган нутқи давом этмоқда. 

Мавзуга оид