Жамият | 12:19 / 07.11.2020
5059
4 дақиқада ўқилади

Сардоба офатидан жабрланганларни ишга жойлаштириш бўйича меҳнат ярмаркаси ташкил этилди

“Сардоба” сув омбори тошқини оқибатида ишсиз қолган ва банд бўлмаган фуқароларни доимий иш билан таъминлаш мақсадида 2020 йилнинг 4-6 ноябрь кунлари Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларида “Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш ярмаркаси” ўтказилди. Уч кунлик тадбир давомида ўтказилган тадбир икки йўналишда ташкил этилиб, биринчи йўналишда корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларининг бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этди. Бунда доимий иш билан банд бўлмаган фуқароларга бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар берилди.

Иккинчи йўналишда ўзига мақбул келадиган ишни топа олмаган ишсиз фуқароларга тадбиркорлик қилиш истагини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан кредит ресурслари ҳамда таъминотчи корхоналар томонидан ускуналар, жиҳозлар ва минитехнологиялар кўргазмаси ташкил этилди.

Бундан ташқари, “Сардоба” сув омбори тошқинидан талафот кўрган Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларининг вақтинча яшаш манзилларига жойлаштирилган аҳолисига қулайликлар яратиш ва уларни доимий иш билан таъминлашга кўмаклашиш мақсадида 11 та Дамас автомашиналарда меҳнат органлари ва тижорат банклари масъул ходимлари иштирокида “Ишга жойлаштириш ва тадбиркорликка жалб қилиш кўчма кўргазмаси” ташкил этилди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад:

  • барпо этилган кўп қаватли ва қайта тикланган уй-жойларда истиқомат қилувчи доимий иш билан банд бўлмаган аҳоли сонини аниқлаш ва уларнинг ҳар бирини ишга жойлаштириш ёки тадбиркорликка йўналтириш бўйича манзилли рўйхатни шакллантириш;
  • мазкур ҳудудда янгидан ташкил этилган лойиҳаларга талаб этиладиган меҳнат ресурсларини аниқлаш ва шу ҳудудда яшовчи банд бўлмаган аҳолини доимий ишга жойлаштириш;
  • чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, интенсив боғдорчилик, иссиқхоналар ва бошқа йўналишларда оилавий тадбиркорликни ташкил этиш истаги бўлган ишсиз фуқароларнинг қўшимча лойиҳаларини аниқлаш ва амалга оширишга кўмаклашишдан иборат.

Уч кун давомида ўтказилган тадбирда вилоятнинг барча ҳудудларидан 87 та корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд 4491 та бўш (вакант) иш ўринлари билан иштирок этди. Кўргазмада 3496 иш қидирувчи қатнашган бўлса, ярмарка натижасига кўра, 812 кишига ишга жойлашиши учун йўлланма берилди.

Бундан ташқари, 572 фуқаро касб тайёргарлигига юборилган бўлса, 111 киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган, 270 нафари субсидия олиш юзасидан рўйхатга олиниб, 122 киши тадбиркорлик қилиш учун кредит олишга истак билдирган.

Шунингдек, 1809 иш қидирувчига меҳнат қонунчилиги, иш жойини ўзгартириш, бўш иш ўринлари ва бошқа шу каби масалаларда маслаҳатлар берилди. 7 тадбиркор томонидан ишлаб чиқариш кооперативларини ташкил этиш ҳамда 400 фуқарони уларга аъзо сифатида бириктириш бўйича келишувларга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлигида ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи “Сардоба” сув омбори тошқинидан талафот кўрган Мирзаобод, Сардоба ва Оқолтин туманларнинг ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларини доимий иш билан таъминлаш ҳамда уларни тадбиркорлик қилиш истакларига кўмаклашиш борасидаги ўз ишини давом эттирмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги
Ахборот хизмати

Мавзуга оид