Ўзбекистон | 00:09 / 07.11.2020
1421
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Ипак йўлида туризм» халқаро туристик ярмаркаси бўлиб ўтади

Ярмарка 2020 йил 11–13 ноябрь кунлари онлайн форматда ўтказилади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Аъзамов 6 ноябрь куни тадбирдан олдинги матбуот анжуманида сўз олди.

«Дунёда юзага келган мураккаб вазиятга қарамай, мамлакатда туризм ривожи тўхтаб қолмаслиги кераклигини тушуниш муҳим. Пандемия шароитларида мамлакатимизнинг истиқболли сайёҳлик йўналиши сифатида жозибадорлигини ошириш, туристик инфратузилмани ривожлантиришнинг амалий механизмлари ва Ўзбекистонни қизиқарли туристик йўналиш сифатида тарғиб қилишда янги инновацион ёндашувларга доир янги ғоялар зарур.

Айнан шу масалаларни муҳокама қилиш ва инқироздан чиқишнинг оптимал ечимларини излаш учун «Тошкент халқаро туризм ярмаркаси – 2020» доирасида онлайн форум ташкил этилмоқда», – деди Улуғбек Аъзамов.

Туризм қўмитаси онлайн форумни ўтказиш учун интернетда махсус саҳифа очган. Унда Zoom платформасидаги барча конференциялар онлайн трансляция қилинади.

Онлайн форум давомида 6та сессия ташкил этилиб, унда Сингапур, Россия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Франция, Германия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги мутахассислари иштирок этишади.

Спикерлар пандемия даврида туризм соҳасини қандай яхшилаш, инқирозга қарши ечимлар топиш, хавфсиз саёҳатни таъминлаш ва халқаро бозорга чиқишга доир қарашлари билан бўлишади.

Маълумот учун, Тошкент халқаро туристик ярмаркаси 1995 йилдан бери БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти қўллови остида ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2019 йил 5 ноябрдаги қарори билан, ҳар йили «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туристик ярмаркасини ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид