АҚШда президент инаугурациясига тайёргарлик бошланди
АҚШнинг янги президенти инаугурацияси маросими коронавирус пандемиясига қарамай тўлиқ форматда ўтади. Маросимга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда АҚШ конгрессининг инаугурация қўмитаси раҳбари сенатор Рой Блант маълум қилди.
“Қўмитада 6 киши маросимнинг очиқ ҳавода ўтказилиши устида ишламоқда. Маросим кўламини кейинчалик кенгайтиришдан кўра, уни қисқартириш осонроқ бўлади”, деб таъкидлаб ўтган Блант.
У президент сайловлари иштирокчилари Жо Байден ва Дональд Трамп қайси бирлари қасамёд келтиришларига қарамай, маросимга келишларига умид билдирган. Сенатор ким қасамёд келтирса ҳам, инаугурация кунини “буюк” деб топишини айтган.
Янги президентнинг инаугурацияси 2021 йил 20 январга белгиланган. Маълумотларга кўра, шу муносабат билан Капитолий тепалигидаги ҳукумат мажмуаси ёнида минбар ўрнатилиши бошланган.
Жорий йилда инаугурация қўмитаси аъзолари минбарни ўрнатиш учун “биринчи михни қоқиш” анъанасидан воз кечишди. Ушбу қарор Олий суд судьяси, 18 сентябрда ҳаётдан кўз юмган Рут Бейдер Гинзбург хотирасига мотам давом этаётгани билан боғланган.
1792 йилдан 1933 йилгача АҚШ президенти инаугурацияси 4 март куни ўтказилган. Бироқ маросим кейинчалик сайловлар ва янги президент лавозимини бажаришга киришиши ўртасидаги ўтиш даврини қисқартириш мақсадида 20 январда ўтказила бошланган.
1817 йилда президент Жеймс Монро вақтида инаугурацияни очиқ ҳавода ўтказиш анъанасига асос солинган. 1825 йилда президент Жон Куинси Адамс илк бор маросимни Капитолийнинг шарқий қисмидаги пешайвонда ўтказган. Бу ерда 1981 йилгача барча президентлар қасамёд келтирган. Сўнгра Рональд Рейган инаугурация жойини Капитолийнинг ғарбий айвонига ўтказган. Совуқ ҳавода маросим Капитолийнинг марказий гумбази остида жойлашган ва мингга яқин одамни сиғдира оладиган бош зали – Ротондада ўтади.
АҚШда 3 ноябрда ўтган президент сайловларида Жо Байден ғалаба қозонди. Бироқ амалдаги президент Дональд Трамп мағлубиятини тан олмаяпти.
Мавзуга оид
22:03 / 12.11.2024
АҚШ ҳукумати НУЖ бўйича баъзи маълумотларни ошкор қилиши мумкин
16:55 / 12.11.2024
Трамп миллионлаб мигрантларни депортация қилишни режалаштирмоқда — ОАВ
09:15 / 12.11.2024
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
16:42 / 11.11.2024