7 ноябрь куни ўтказилган коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда банк тизимида маблағларни талон-торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатлари танқид остига олинган.

«Мамлакат иқтисодий тараққиётида банклар фаолияти, таъбир жоиз бўлса, ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Лекин барча банклар мутасаддилари ҳали ислоҳотлар мазмунини тушуниб етмаган кўринади. Аксинча, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса кредит ажратишда суиистеъмолчилик, тамагирлик ва маблағларни талон-торож қилиш ҳолатлари одат тусига айланиб қолган», — деди бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев.

Йўлдошевнинг маълум қилишича, сўнгги икки йилда коррупция ва мансабдорлик жиноятлари учун жавобгарликка тортилган 166 нафар банк амалдорининг 13 нафари «Ипотека банк», 25 нафари «Миллий банк», 26 нафари «Микрокредитбанк», 38 нафари «Агробанк» ва 49 нафари «Халқ банки» ходими бўлган.

«Аҳолининг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш учун турли ижтимоий лойиҳаларга бюджет маблағлари банклар орқали ажратилмоқда. Лекин бундай маблағлар ҳақиқий эгаларга етиб бормай, айрим банк мансабдор шахсларининг ўлжасига айланмоқда. Биргина «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида сўнгги икки йилда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 1 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли кредит банк мансабдор шахслари томонидан очиқчасига талон-торож қилинган. Масалан, «Миллий банк»нинг Шаҳрихон филиали раҳбари Раҳматуллаев ва кассир Жумабоева 19 нафар фуқаро номига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, 378 миллион сўмни шахсий манфаатлари учун ўзлаштириб юборган. Умуман 85 миллиард сўм маблағ банкирлар томонидан бевосита талон-торож қилинган», — деди Йўлдошев.

Бош прокурорга кўра, кредит ажратиш ва унинг сарфланишини мониторинг қилиш борасидаги суиистеъмолчилик ва кўзбўямачиликлар 42 миллиард сўм кредитнинг мақсадсиз ишлатилишига олиб келган. Банклар фаолиятига турли аралашувларни чеклаш мақсадида уларни текшириш амалиёти кескин қисқарган. Маълумот алмашинувида ҳам банк сирига оид ҳужжатлар талабларига тўлиқ риоя қилинмоқда.

«Яратилган бундай қулайлик ва шароит коррупцияни бартараф этишга хизмат қилиши керак эмасми? Амалда эса бунинг акси кузатилмоқда. Марказий банк ва унинг ҳудудий бошқармалари қайд этилган қонун бузилиши ҳолатларига ўта лоқайд ва масъулиятсизлик билан муносабатда бўлишмоқда. Жумладан, улар томонидан сўнгги икки йилда тижорат банкларининг 360 филиалида ўтказилган текширишлар натижаси бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига бирорта ҳам материал юборилмаган. Ваҳоланки, ушбу даврда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар банк мансабдор шахслари томонидан содир этилган 100дан ортиқ жиноятни аниқлаган. Марказий банк ва унинг қуйи тармоқлари банкларда юз бераётган «ўйинлар» ва ноқонуний схемалардан бехабарми? Ёки уларни аниқлашга малака ва тажриба етишмайдими? Ёхуд бунинг бошқа сабаблари борми?» — дея қўшимча қилди Йўлдошев.