Ўзбекистон | 15:30 / 10.11.2020
11409
4 дақиқада ўқилади

Бош прокурор: бюджет прогнозини бажариш учун тадбиркорлардан 823 миллиард сўм ортиқча солиқ тўлови ундирилган

Бош прокурор Фарғонада солиқ тўловларини ўзлаштириш учун ўйлаб топилган «ноёб» схема ҳақида гапириб берди. У солиқ органларининг пандемияда тадбиркорлик субъектларига ноҳақ муносабатда бўлаётганини танқид қилди.  

7 ноябрь куни коррупция масалаларига бағишлаб ўтказилган идоралараро йиғилишда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев солиқ органларида ишлаган айрим ходимларнинг фаолиятини танқид қилди. У давлат солиқ сиёсати ва бюджет тушумига масъул идора солиқ хизмати органларини ҳам коррупциядан холи эмаслигини билдирди.

«Хусусан, сўнгги икки йилда мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани учун 31 нафар солиқ ходими жиноий жавобгарликка тортилган. Масалан, Данғара тумани давлат солиқ инспекцияси раҳбари Турғунбоев коррупцияга мойиллиги туфайли солиқ органларидан бўшатилган Мўминов ва Каримовни ишга қабул қилиб, пул маблағларини нақдлаштириш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳ тузган. Уюшган гуруҳ бошқа фуқаролар номига 22та сохта фирмаларни очиб, уларга норасмий раҳбарлик қилиб келган.

Ушбу фирмаларда 268 миллиард сўмлик ноқонуний пул айланмалари амалга оширилиб, 19 миллиард сўм солиқ тўловидан қочишга эришилган, шунингдек жиноий йўл билан топилган 200 миллион сўм легаллаштирилган. Ҳозирда Турғунбоев ва унинг 14 нафар жиноий шериклари судда  жавоб бермоқда», — деди бош прокурор.

Ниғматилла Йўлдошевнинг маълум қилишича, Фарғона шаҳар солиқ инспекцияси ходимлари бюджет тушуми режасини бажариш ҳамда бюджет маблағларини ўмаришнинг «ноёб» услубини ўйлаб топишган.

«Улар 52та солиқ тўловчи ташкилотнинг солиқ базасидаги ҳисобварақаларига жами 3,5 миллиард сўм солиқ тўланганлиги ҳақида сохта маълумотларни киритиб, гўёки ортиқча тўловларни ҳосил қилишган. Сўнгра, сунъий ҳосил қилинган ортиқча тўловларни ўз эгаларига қайтариш важи билан молия бўлимига сохта хулосаларни ҳам тақдим этишдан тап тортишмаган. Шундай қилиб, улар 1,2 миллиард сўмни ўзига таниш фирмалар орқали талон-торож қилишган. Ўйлаб кўринг, солиқ идораси раҳбари фирма тузиб, иқтисодий жиноятларга бошчилик қилса, бошқалари солиқ учун тўланган маблағни ўзлаштирса, инсофли тадбиркорлар қатламини шакллантириш ва хуфёна иқтисодиётга барҳам бериш ҳақида қандай гап-сўз бўлиши мумкин?», — деди у.

Таъкидланишича, ўтган даврда 1781та ҳолат бўйича 24 миллиард сўмлик қўшимча маблағлар солиқ базасига қамраб олинмаган. Жумладан, Бухоро вилоятида 1,7 миллиард, Фарғона вилоятида 2,6 миллиард, Тошкент шаҳрида 3,9 миллиард, Самарқандда 4,2 миллиард ва Жиззахда 11,9 миллиард сўмлик солиқ ҳисобланиши ва ундирилиши мумкин бўлган аниқ объектлар рўйхатга олинмаган.

«Бунинг сабаби барчага бирдек аён бўлса керак. Уддабурон солиқчилар солиқ объектини рўйхатдан ўтказиб, солиқ базасини кенгайтиришдан умуман манфаатдор эмас кўринади. Жойлардаги мутасадди раҳбарлар эса буни на таҳлил қилади, на сабабини чуқур ўрганади. Прокурор ва департамент ходимлари ухламоқда. Бунинг масъулияти эса инсофли тадбиркорлар зиммасига тушмоқда. Масалан, бюджет башоратини бажариш учун шу йилнинг ўзида 18 мингга яқин тадбиркордан 823 миллиард сўм ортиқча тўлов ундирилган», — дея қўшимча қилди бош прокурор.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 104-моддасига биноан, солиқ органи ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олишни ёки қайтаришни рад этиш тўғрисидаги қабул қилинган қарор ҳақида солиқ тўловчига бундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида хабар қилиши шарт.

Агар ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ тўловчига қайтариш ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат бузилган ҳолда амалга оширилса, белгиланган муддатда қайтарилмаган сумма учун солиқ тўловчига қайтариш муддати бузилган ҳар бир календарь кун учун фоизлар ҳисобланади. Аммо 3 минг 456та тадбиркорлик субъектига 2,2 миллиард сўмлик пенялар ҳалигача тўлаб берилмаган.

Бош прокурорга кўра, пандемия туфайли берилган имтиёзлар ҳам тўлиқ қўлланилмасдан, ҳозирга қадар 2 минг 747та субъектга қўйилган 5,5 миллиард сўмлик инкассо топшириғи чақириб олинмаган. 

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид