Ўзбекистон | 19:35 / 10.11.2020
7669
2 дақиқада ўқилади

Президент ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасини янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш зарурати ҳақида гапирди

Ўзбекистон президенти ШҲТ давлатлари раҳбарлари кенгаши саммитида янги шакллар касб этаётган терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидларига қарши кураш масалалари ташкилоти эътибори марказида бўлиши лозимлигини таъкидлади.

ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасини ташкилот маконида хавфсизликни таъминлаш бўйича принципиал жиҳатдан янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш ҳамда ваколатли идоралар орасидаги мулоқотларни янада кўпайтириш зарурлиги қайд этиб ўтилди.

«Бугунги шароитда терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидлари нафақат сусаймаяпти, балки кучайиб, янги шакллар касб этмоқда.

Ёшларни ёллаш ва радикаллаштириш, террорчиларни молиялаштиришда ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқларнинг роли ортиб бормоқда.

Шу маънода, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасини Ташкилот маконида хавфсизликни таъминлаш бўйича принципиал жиҳатдан янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш зарурати ортиб бормоқда.

Шу муносабат билан ваколатли идораларнинг амалий мулоқотларини бир неча баробар кўпайтириш, ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Жорий вазиятни мунтазам муҳокама қилиш, шу жумладан, ахборот маконидаги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги қўшма чора-тадбирларни келишиш муҳим.

Пировардида, ШҲТ минтақасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга умумий ҳиссамиз шунга боғлиқдир.

Баён этилган барча йўналишларда кузатувчи мамлакатлар, мулоқот бўйича шериклар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф этамиз», деган Ўзбекистон президенти.

Мавзуга оид