Туркия ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирликлари шу ҳафта бошида Украинанинг Қора денгиздаги нишонларга берган дрон зарбалари борасида изоҳ берди. Жумладан, Қозоғистон Россиянинг Новороссийск шаҳридаги нефт қувури терминалига қилинган дрон зарбалари борасида Украинага расмий норозилик нотасини юборди.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Каспий қувури консорциумининг (КҚК) Новороссийск терминалига берилган зарба – «халқаро ҳуқуқ нормалари билан кафолатланган, бутунлай фуқаровий объектга қилинган учинчи тажовуз ҳаракати» ҳисобланади. Чунки «қувур глобал энергетика тизимлари барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга».
«Биз содир бўлган воқеани Қозоғистон Республикаси ва Украина ўртасидаги икки томонлама муносабатларга зарар етказувчи ҳаракат деб ҳисоблаймиз. Украина томонидан келгусида бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун самарали чоралар кўрилишини кутамиз», дейилади Қозоғистон ТИВ баёнотида.
Украина эса унинг ҳаракатлари Қозоғистонга ёки учинчи томонларга қаратилмаганини, балки «Россиянинг тўлиқ кўламли тажовузига» қарши мудофаа эканини билдирди. «Украина тажовузкорга зарба беради», — деди Украина ташқи ишлар вазирлиги.
29 ноябр куни Украинанинг денгиз дронлари Россиянинг Новороссийск шаҳридаги Каспий қувур консорциум объектига ҳужум қилди. Натижада терминалидаги швартов қурилмаси катта зарар кўрганидан сўнг операциялар тўхтатилди.
Reutersʼнинг ёзишича, Россия, Қозоғистон, АҚШ ва Европа ҳамкорлигида бошқариладиган Каспий қувур консорциуми глобал нефт ҳажмининг 1 фоизидан кўпроғини қайта ишлайди. Шунингдек, Қозоғистон нефт экспортининг асосий қисми айнан шу тармоқ орқали амалга оширилади.

КҚКнинг асосий таъминотчилари Қозоғистон конлари бўлса-да, у Россия ишлаб чиқарувчиларининг нефтини ҳам қабул қилади. Хусусан, узунлиги 1 500 км бўлган Каспий қувури таркибида Россия, Қозоғистоннинг давлат корхонаси «KazMunayGas», шунингдек, Chevron, Lukoil ва ExxonMobil компаниялари акциядор сифатида иштирок этади.











