Қора денгизда, Туркия қирғоқлари яқинида, ғарб мамлакатлари санкциялари остида турган ва Россия нефтини ташишда иштирок этганлиги учун “қора рўйхат”га киритилган икки нефт танкерида деярли бир вақтнинг ўзида ёнғин чиқди. Ёнғинлар ҳақида 28 ноябр куни кечқурун Туркия ОАВ ва халқаро ахборот агентликлари хабар берди.

Ёниб кетган кемалардан биринчиси — Ҳиндистондан Россияга йўл олган Kairos (“Кайрос”) нефт танкери. Bloomberg агентлиги “маҳаллий порт агенти” маълумотига таяниб, танкер қирғоқдан 28 денгиз миляси масофасида минага дуч келганини ёзди. Туркия денгизчилик бошқармаси бу маълумотни тасдиқлаб, кема бортида “ташқи таъсир” туфайли ёнғин келиб чиққанини билдирди. Танкердан 25 киши эвакуация қилинди.

Бундан кўп ўтмай, яна бир кема — Россияга йўналган, қирғоқдан 35 денгиз миляси узоқликда жойлашган Virat (“Вират”) танкеридаги ёнғин ҳақида хабарлар келди. Унинг экипажи ҳам эвакуация қилинган. Туркия расмийлари бу ҳодиса тафсилотларини очиқламади, аммо ҳар иккала танкер ҳам юксиз ҳолда бўлганини қайд этди.

Bloomberg эслатишича, Қора денгизда Россиянинг Украинага қарши тўлиқ миқёсдаги уруши ва Украина соҳил қисми акваториясини блокада қилиши бошланганидан бери, жанглардан анча узоқ ҳудудларда ҳам кемалар минага учраши билан боғлиқ бир неча ҳодисалар қайд этилган.

Ҳам Kairos, ҳам Virat Гамбия байроғи остида юради, аммо ЕИ санкциялари остида турибди. Биринчи кема шунингдек Буюк Британия санкция рўйхатларига ҳам киритилган, иккинчиси эса АҚШ санкция рўйхатларида. Сабаби — ҳар иккала танкер ҳам Россия томонидан Украинага ҳужум бошланганидан кейин жорий этилган нефт санкцияларини четлаб ўтиш учун ишлатилган, шунинг учун “соядаги флот” деб аталадиган кема гуруҳига мансуб, деб ҳисобланади.

РФнинг “соядаги флоти”га нисбатан санкциялар, шунингдек, Болтиқ денгизида ЕИ давлатларига тегишли сувости кабелларининг узилиши билан боғлиқ ҳодисалар фонида жорий этилган. Шу ҳудудларда Россия нефтини ташувчи кемалар пайқалган. Кенг тарқалган версия ва айрим кемаларни кўздан кечириш натижаларига кўра, бу кемалар кабеллар ётқизилган жойларда лангар ташлаган, кейин эса уни денгиз туби бўйлаб судраб борган.

2025 йил бошидан бери РФ “соя флоти”га мансуб, деб тахмин қилинаётган камида икки кемада, улар Ўрта Ер денгизи ёки маҳаллий портлар ҳудудида бўлганида портлаш ҳолатлари қайд этилган.

Жумладан, январ ойи охирида Туркия қирғоқлари яқинида Маршалл ороллари байроғи остида юрадиган Seacharm танкерида портлаш содир бўлган. ОАВ маълумотларига кўра, кемадаги зарар унча катта бўлмаган, танкер икки кун Туркиянинг Жейхан портида туриб, кейин йўлини давом эттирган.